September 5, 2020

НУКУСДАГИ КОРХОНАДА ОЙИГА 400 ТОННА ТЕРИ ҚАЙТА ИШЛАНАДИ

Аввал хабар қилганимиздек, Ҳукумат комиссияси Ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасидаги саноат корхоналари фаолиятини ўрганмоқда. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М.Юнусов ўрганишлар давомида Нукус шаҳридаги терини қайта ишлаш корхонаси фаолият билан ҳам яқиндан танишди.

Қарийб ўн йилдан бери фаолият юритаётган "Orient Technology" қўшма корхонасида қорамол терисидан ярим тайёр тери маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Заводнинг умумий майдони 8 гектарга яқин бўлиб, йиллик қуввати 4800 тоннани ташкил этади. Ойига 400 тоннагача терини қайта ишлаш имконияти бор. Бу ерда барча технологиялар Италиянинг юқори сифатли ускунлари билан жиҳозланган.

Шунингдек, корхонада 150 000 квадрат метр миқдорида тайёр чарм (бўялган), 300 минг жуфт тайёр пойабзал ишлаб чиқарилади.

“Wet-Blue” хром билан ишланган ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш 6 босқичда амалга оширилади. Тизим автоматлаштирилган бўлиб, замонавий ускуналар ёрдамида терига ишлов берилади. Маҳсулотлар ички бозордан ташқари асосан Европа давлатларидан Италияга, шунингдек Россия, Ҳиндистон, Хитой каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.