ФАРҒОНАДА КОРХОНАЛАР ФАОЛИЯТИ ЖОЙИГА ЧИҚИБ ЎРГАНИЛМОҚДА

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М.Юнусов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Республикадаги электротехника саноати корхоналари фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда. Пандемия шароитида юзага келган муаммоларни бартараф этиш, ишлаб чиқариши тўхтаб қолган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш, уларга мавжуд имкониятлардан фойдаланишлари учун амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Фарғона вилоятидаги “Фарғона кабель инвест” корхонаси 2017 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Умумий майдони 1,5 гектардан иборат бўлган корхонада бугун 20 турдан ортиқ кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 20 га яқин ишчи-ходим ишлаётган мазкур объектда бугун карантин талаблари юмшатилгандан сўнг, ишлаб чиқариш жадал бошланди. 5 млрд сўм банк кредитлари ҳисобига молиялаштирилган лойиҳа доирасида Хитой Халқ Республикасидан замонавий технологик ускуналар олиб келиб ўрнатилган. Ходимлар хитойлик малакали мутахассислар томонидан ўқитилган. Касбий кўникмага эга. Корхонада устоз-шогирд асосида ходимларни ўқитиш яхши анъанага айланиб бормоқда.

Корхона раҳбари М.Тошматовнинг сўзларига кўра, ички бозорда кабель-сим маҳсулотларига талаб катта. Ички эҳтиёжлар қондирилгач, маҳсулотларни қўшни республикаларга экспорт қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, бинонинг ҳудудида яна қўшимча ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. Бунинг ҳисобига 20 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Корхона кичик бўлишига қарамасдан, бугунги кун талабидан келиб чиқиб, халқаро талабларга мос ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Уюшма ишчи гуруҳи корхонани қайта фаолият бошлаши учун мавжуд имкониятлардан фойдаланишга кўмаклашади. Божхона, солиқ ва банк кредитларини тўлови билан боғлиқ ишлар режали бартараф этилади. Бундан ташқари, корхона маҳсулотларини экспортга йўналтириш учун уюшма томонидан маркетинг тадқиқотларига ёрдам кўрсатилади. Бозор имкониятлари кўриб чиқилади. Корхонага хорижий инвесторларни жалб этиш, янги инвестиция лойиҳалари билан ишлаш бўйича таклифлар берилди.