September 16, 2020

Микротўлқинли печда нималарни иситиш мумкин эмас?

1945 йил 8 октябрда микротўлқинли печь патентланди. Ўшандан буён тезкорлик билан таом тайёрлаш ёки иситиш имкониятига эгамиз. Аммо баъзи нарсаларни микротўлқинли печга қўймаган маъқул. Булар ҳақида «АиФ» батафсил маълумот берди.

Металл идишлар

Металл идиш микротўлқинларни ўтказмайди, у печни бузгани қолади, холос. Ягона истисно — очиқ алюминий таглик, унда овқат иситиш мумкин.

Шунингдек, хрустал идишни ҳам бундай печга қўйиб бўлмайди (унинг таркибида металлар — қўрғошин, кумуш бор), енгил шиша идиш эса печда эриб кетиши мумкин.

Расмли идишлар

Гап шундаки, идишларга расм чизишда ишлатиладиган бўёқларда кўпинча металлар мавжуд бўлади.

Герметик идишлар

Овқат тайёрлаш ва иситишда пластик контейнерлар қопқоғини очиб қўйинг. Маҳсулотларни герматик ўрамда микротўлқинли печга солиб бўлмайди.

Қобиқ ичидаги егуликлар

Хом тухум (қобиқли), консерва банкаси (очиғини ҳам, ёпиғини ҳам) микротўлқинли печда пишириб ёки иситиб бўлмайди.

Қатиқ маҳсулотлари

Микротўлқинли печда иситиш чоғида уларнинг таркибидаги фойдали бактерияларга зарар етади, қатиқнинг ўзи эса творогга айланиб қолади.

Фольга ва озиқ-овқат плёнкаси

Таомларни уларга ўраган ҳолда иситиб бўлмайди. Сабаби, фольга — металл бўлгани учун микротўлқинларни ўтказмайди, плёнка эса шунчаки эриб кетади.

Асал

Микротўлқинли печда асал ўз фойдали хусусиятларни шу ондаёқ йўқотади.

Товуқ ва қўзиқорин

Кўп миқдорда оқсилга эга бўлган маҳсулотларни микротўлқинли печда қиздириш тавсия этилмайди. Австралиялик олимлар бунда оқсил молекулалари духовка ёки товада исигандагига нисбатан тезроқ парчаланишини исботлади.