January 20, 2021

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАРАЖАСИНИ ОШИРСАК, ТАННАРХ ПАСАЙИШИГА ЭРИШАМИЗ

Шу кунларда Ҳукумат комиссияси томонидан республикамиз ҳудудлари бўйлаб саноат корхоналари чуқур, таҳлилий ўрганилмоқда. Жойига чиққан ҳолда ҳар бир туман тадбиркорлари билан ишлаб чиқариш объектларида учрашувлар ташкил қилиниб, янги инвестиция лойиҳалари шакллантирилмоқда. Ҳукумат комиссияси таркибида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М. Юнусов бошчилигидаги Ишчи гуруҳи ҳам вилоятдаги саноат корхоналари фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда.

Дастлаб, Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги “Вuxоrо Rеаl Моtо” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди. Бу ерда «Lochin» бренди остида уч ғилдиракли юк мотоцикллари, мотоблок ва квадроцикллари ишлаб чиқарилади. 50 та янги иш ўринлари яратилган.

Лойиҳа ташаббускори бино ва иншоотларда 2 миллиард сўмлик реконструкция ишларини амалга ошириб, цехлар хорижий инвестор томонидан 700 минг долларлик замонавий инновацион технологик ускуналар билан жиҳозланган. Ундаги барча технологик жараёнлар автоматлаштирилган бўлиб, компьютер асосида бошқарилади. Йиғиладиган шоссе, борт, рессор ва бошқа қисмлар корхона цехларида тайёрланмоқда.

Юк мотоциклларига нафақат Бухоро вилоятида, балки Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ҳам талаб катта. Улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, иссиқхоналарда етиштириладиган бодринг ва помидорларни ташишда тиркагичли техникаларга нисбатан қулайлиги, кам ёнилғи сарф қилиши ва бошқа жиҳатлари билан анча устун.

Корхона раҳбари Саъдижон Ваҳобовнинг сўзларига кўра, айни пайтда Россия ва қўшни республикалар билан экспорт шартномалари ҳам имзоланган. Эндиликда маҳаллийлаштиришни босқичма-босқич амалга ошириш натижасида ишлаб чиқариш кенгайтирилади.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М. Юнусов мазкур корхона уюшмага аъзо корхоналар билан ички кооперация алоқаларини ривожлантириши, бу орқали маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, натижада янги иш ўринлари яратилишига ҳамда маҳсулот таннархининг тушишига ҳам эришилишини таъкидлаб ўтди. Бу ишларни амалга оширишда уюшма аъзолари ҳамкорликда ишлашга тайёрлиги маълум қилинди.