СИНГАПУР ЯРИМЎТКАЗГИЧЛАР САНОАТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК НЕГА МУҲИМ?
Биламизки, Сингапур иқтисодиётида электроника, микроэлектроника ва яримўтказгичлар саноати муҳим ўрин тутади. Эътиборлиси, бу давлатда ҳозир дунёнинг энг йирик компаниялари, лабораториялари, илмий-тадқиқот марказлари фаолият олиб бормоқда. Инсон капитали учун ажратилган сармоя туфайли бугун мамлакатда кадрлар тайёрлаш салоҳияти ҳам анча юқори. Хусусан, электротехника борасидаги жадал ўзгаришлар ва дунё тенденциясининг сўнгги ихтиролари ҳам айнан Сингапур тажрибаси асосида дунёга келмоқда.
РАҚАМ ВА ФАКТ: Ҳажм жиҳатидан кичиклиги ва табиий ресурсларнинг йўқлигига қарамай Сингапур қуйидаги натижаларга эриша олди:
- Ялпи ички маҳсулоти ҳажми - 560 млрд $
- Электротехника маҳсулотлари экспорти ҳажми - 166 млрд $
- Аҳоли жон бошига ЯИМ - 97 минг $
- Иқтисодиётнинг рақобатбардошлилик даражаси - 1 - ўрин
- Инсон капиталига инвестиция даражаси - 1 - ўрин
🇺🇿🇸🇬Ўзбекистон-Сингапур давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг Сингапур давлатига амалга оширган олий даражадаги учрашувлари давомида "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси бошқарув раиси Мирзиёд Юнусов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори Шуҳрат Вафоев билан биргаликда Сингапур яримўтказгичлар саноати ассоциацияси (SSIA) раиси билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича музокара олиб борди.
🌐Сингапур яримўтказгичлар саноати ассоциацияси (SSIA) ижрочи директори Анг Ве Сенг билан бўлиб ўтган учрашувда, мамлакатимизда яримўтказгичлар ишлаб чиқариш саноатини ташкил этиш ва ҳамкорликда ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
✔️Шунингдек, Ассоциация тарихи, фаолияти ва истиқболли ҳамкорлик лойиҳалари билан яқиндан танишган делегациямиз аъзолари келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар борасида фикр алмашдилар. Ушбу учрашув ва музокаралар яқин келажакда электроника гиганти бўлган Сингапур давлати билан қилинадиган ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг ибтидоси бўлиши кутилмоқда.
🇸🇬Сингапур яримўтказгичлар саноати ассоциацияси (SSIA) соҳадаги саноат ишлаб чиқариш субъектлари, илмий-тадқиқот институтлари ва маъсул давлат идораларини бирлаштириб турувчи муҳим бўғин ҳисобланади. Ассоциация ўз аъзолари учун янги бизнес имкониятларини яратишда, саноат иттифоқларини тузишда, ҳамкорликни кучайтиришда улкан ёрдамларни тақдим этади. Унинг таркибига интеграл микросхемаларни лойиҳаловчи компаниялар, ишлаб чиқарувчилар, хом-ашё таъминотчилари, хизмат кўрсатувчи провайдерлар, тадқиқот институтлари ва индивидуал аъзолар киради.