February 5, 2021

Харьков миллий университетининг Тошкентдаги коллеж филиалини очиш масалалари муҳокама қилинмоқда

Чилонзор туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактабида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ташаббуси билан Украина Республикасининг Харьков миллий университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Унда касб-ҳунар мактаби директори Баҳодир Зиямуҳамедов, “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Сиддиқов, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Намоз Толиповлар иштирок этиб, ушбу ҳамкорлик бўйича таклиф ва келгуси режаларни муҳокама қилиб олдилар.

Келажакда мазкур ҳамкорлик натижасида Ахборот технологиялари, Робототехника, мехатроника ва электроника йўналишларида бошланғич кадрлар тайёрлайдиган Харьков миллий университетининг профессионал таълим доирасида Тошкентда касбий факультетларини очиш кўзда тутилмоқда.

Ёшларни касбга ўқитишда Харьков миллий университети профессор-ўқитувчилари жалб қилинади, таълим рус ва инглиз тилларида олиб борилиши ва ўқув дастурлари ҳам халқаро талаблар асосида ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, иштирокчилар таълим муассасасининг ҳозирги моддий-техника базаси, ўқув жараёнлари билан ҳам яқиндан танишдилар.