May 4, 2021

Юқори технологияли ишлаб чиқаришни жорий этган корхона фаолияти ўрганилди

Президентнинг 2021 йил 2 мартдаги ПҚ-5011-сон қарори бугун қандай натижа бермоқда? Айниқса, мис хом ашёси билан боғлиқ ишлаб чиқариш корхоналарида қабул қилинган янги механизм ва имтиёзларнинг аҳамияти қандай бўлмоқда.

Президент қарорининг самараси ўлароқ, корхона январь-апрель ойларида 26,6 миллион долларлик маҳсулотни хорижга экспорт қилиб, белгиланган режасини ортиғи билан бажаришга эришди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан мис хом ашёсини биржа савдолари орқали харид қилишнинг бозор механизмларига босқичма-босқич татбиқ этиш белгиланган. Бу асосан кабел-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга янада катта қулайлик яратди. Аммо ушбу янги механизм бугун корхоналарда қанчалик татбиқ этилмоқда?

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Ишчи гуруҳи юқори технологияли ишлаб чиқариш имкониятларига эга “Прокаб” корхонаси фаолияти билан танишдилар. Бундан кўзланган мақсад – корхонада мис хом ашёсига бўлган талабни ўрганиш, уни биржа орқали харид қилишдаги имкониятлар, юқори қўшилган қиймат маҳсулотлари кўламини кенгайтириш каби масалаларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришдан иборатдир.

Бугунги кунда “Прокаб” МЧЖ да 80 дан ортиқ ишчи-хизматчилар фаолият юритади. Бу ерда кабел-сим маҳсулотларининг 3000 дан ортиқ турлари ишлаб чиқарилади. Йилига 32000 тонна мисни қайта ишлаш қуввати мавжуд. Асосан бундай маҳсулот таркиби мис-хом ашёси билан боғлиқлиги боис, корхонанинг ушбу хом-ашё материалларига бўлган талаби анча юқори. Тан-нарх масаласи ҳам бу жараёнда бирламчи ҳисобланади. Чунки, ўзбек кабеллари сифат нуқтаи назаридан экспорт маҳсулот бўлганлиги сабабли жаҳон бозорида ўз мавқеи ва нуфузига эга. Корхона томонидан январ-апрель ойларида 26,6 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилган бўлиб, бу белгиланган режага нисбатан 124% га ортиғи билан бажарилган.

Президент қарори билан киритилаётган янги механизм эса корхонада ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш баробарида, айланма маблағларнинг мақсадли сарфланишига, янги технологиялар жорий этилишига, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, иш жойлари яратиш ва маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда тезроқ реализация қилишга имконият яратади. Бундай тартиб маҳсулот таннархининг оптималлашувига олиб келади.

Жорий қилинган янги механизмнинг ўзига хос тартиб-таомиллари ва имкониятлари, амалдаги ҳужжатлардан афзаллик томонлари “Прокаб” МЧЖ масъуллари билан учрашувда алоҳида тушунтирилди ва уни амалиётга қўллаш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.