November 6, 2020

ЭЛЕКТРОТЕХНИКАДА ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИШЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни видеоконференция шаклида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея Ҳукуматлараро қўмитасининг 10-чи йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашув Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Корея Республикасининг савдо, саноат ва энергетика вазири Сонг Юн Мо раислиги остида ўтказилди.

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги товар айланмаси ҳажмининг сезиларли ўсиши қайд этилди. Шу билан бир вақтда томонлар ушбу йўналишда фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, ушбу муносабат билан яқин келажакда 5 млрд долларлик товар айланмаси ҳажмига эришиш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо алоқаларини чуқурлаштириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилдилар. Шу нуқтаи назардан, савдо қилиш жараёнидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда Ўзбекистон ва Корея компаниялари томонидан ташқи савдо операцияларини амалга ошириш учун шароитларни оптималлаштириш бўйича аниқ таклифлар ҳам билдирилди.

Секцияларга бўлинган ҳолда Корея билан ҳамкорликнинг турли йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, электротехника соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш йўналишида Кореянинг етакчи марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Жумладан, Тошкентда давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари асосида электроника ва электротехника соҳасида мустақил ўқув-тадқиқот муассасасини хорижий ихтисослашган марказлардан бири билан, жумладан Кореянинг илғор технологиялар институти (KAIST) билан ҳамкорликда ташкил этиш масалалари бўйича таклиф билдирилди. Шунингдек, яқин келажакда электроника соҳасидаги ваколатларни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган ва мамлакатдаги корхоналар учун янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича хизматлар кўрсатадиган конструкторлик бюролари ва лойиҳалар компанияларини яратиш кўзда тутилмоқда.

Муҳокамаларда "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси М. Юнусов ва Корея Республикасининг савдо, саноат ва энергетика вазири Сонг Юн Мо билан мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашишди.