ОНА ТИЛГА МУҲАББАТ ВАТАНГА БЎЛГАН МУҲАББАТДИР
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Давлат тилига бўлган эътибор мустақилликка бўлган эътибор, давлат тилига эҳтиром ва садоқат она Ватанга эҳтиром ва садоқатдир!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил – давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.
Тарихга назар солсак, Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих сахифаларидан жой олган бўлармиди?!.
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.
Шукрким, миллий тилимизга бўлган эътибор ва ҳурматни Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида яна бир бор тарихий аҳамият касб этди, десак муболаға бўлмайди. Энг буюк қудрат она тилдадир. Яна бир бор Юртбошимиз ўз халқига бўлган меҳр-муҳаббатини намоён этди. Бу муҳаббат она тилга, Ватанга бўлган муҳаббатдир.
Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир.
Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз.
Бугун қайси жабҳани олмайлик, уларнинг барчасида давлат тилида иш юритиш ва ўзбек тилининг нуфузини ошириш билан боғлиқ ишлар сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилганлигини кўрамиз. Жумладан, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси тизимидаги корхоналарда ҳам ўзбек тилига бўлган муносабат тубдан ўзгарганлигини кўриш мумкин. Буни, аввало, хат-ҳужжатлар алмашинувида, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда, қолаверса, ишлаб чиқарилаётган ҳар бир маҳсулот қадоғи ва унинг ёрлиқларида соф ўзбек адабий тили талабларига амал қилинаётганлигини гувоҳи бўлиш мумкин. Реклама ва пештахталарда ҳам бу каби қатъий талаблар эътиборга олинмоқда. Тадбирлар ва барча йиғилишлар аввало ўзбек тилида, заруратга қараб бошқа тилларда ташкил қилинмоқда.
Шу азиз Ватанда яшаётган фуқаро борки, ҳар қачонгидан кўра ўзбек тилига бўлган юксак ифтихор ва эътиборни ич-ичидан ҳис этиб турибди.
Дарҳақиқат, тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти экан, биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.
Зеро, шоир айтганидек:
Майли, ким қай тилдан завқу шавқ олса,
Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.
Эрта она тилим агар йўқолса,
Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.
Шу ўринда юракдан отилгувчи яна бир садо бизни юксаклик сари чорлайди. ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ!
Намоз ТОЛИПОВ,
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Бошқарув раисининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.