КОМПЬЮТЕРЛАР УЧУН МОНИТОР: МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ЯГОНА ЗАВОД
Жиззах вилояти Зомин туманининг чекка бир қишлоғида “Samsung” бренди остида офис компьютерлари учун монитор ва маиший техникалар учун кабель-шнур ишлаб чиқариш корхонаси бунёд бўлишини ким ҳам тасаввур қилган эди, дейсиз. Бугунги мисли кўрилмаган тараққиёт ва электротехника саноатининг жадал ривожланиб бориши бу корхоналар сафини янада кенгайтирмоқда.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М.Юнусов бошчилигидаги Ишчи гуруҳи аъзолари Ҳукумат таркибида Жиззах вилоятининг Змин туманидаги саноат корхоналари фаолиятини ўрганмоқдалар.
Навбатдаги манзил персонал компьютерлар учун монитор ва барча маиший техника воситаларига кабель-шнур маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашлашган “Samsung Zomin” корхонасида бўлди.
“Artel” компанияси таркибига кирувчи “Samsung Zomin” корхонаси 2015 йил 26 августда ўз фаолиятини бошлаган. Корхона персонал компьютерлар учун монитор ва барча маиший техника воситаларига кабель-шнур махсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган.
Ўтган 5 йил мобайнида корхона томонидан ишлаб чиқариш жараёнига инновацион ғоялар ва янги технологияларни тадбиқ этиш натижасида самарали натижаларга эришилди. Бу жараёнда 2018-2020 йиллар корхонага Туркия ва Хитой давлатларидан 5.0 млн.долларлик 30 дан зиёд замонавий ускуналар олиб келинди ва завод ҳудудида қўшимча янги кабель-шнур цехи ишга туширилди. Бугунги кунга келиб, кабель-шнур ва монтаж симларининг турлари 70 тадан 130 тага етказилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жами 35 млрд. сўмдан ортиқ соф фойда олинди. Туман бюджетига 10 млрд. сўмга яқин тушум таъминланди.
Корхонада 2015-2020 йиллар давомида жами 40 млрд. сўм ҳажмда монитор ва 100 млрд. сўмлик кабель-шнур маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Яъни, булар 190 минг дона монитор, 68 минг дона электр гўшт майдалагич ва 20 млн. дона кабель-шнур маҳсулотларидир. Натижада, маҳаллийлаштириш даражаси 33 % дан 75 % га етказилди.
Корхона ўз маҳсулотлари билан кўплаб саноат ярмаркалари ва кооперацион биржаларда фаол қатнашиб келмоқда. Ушбу иштироклар натижасида 600 дан зиёд маҳаллий корхоналар билан маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар тузишга ҳам муваффақ бўлмоқда.
Хусусан, корхона маҳсулотлари 2016-2017 йилларда Тошкент ва Жиззах шаҳарларида ўтказилган саноат ярмаркаларда “Энг яхши маиший техника воситалари” номинацияси ғолиблигини қўлга киритган.
Корхона жамоаси асосан ёшлардан иборат бўлиб, дастлаб 40 кишидан иборат бўлган ходимлар сони бугунги кунга келиб 250 кишини ташкил этмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, жараёнга замонавий инновацион технологияларни жорий этиш орқали 2020 йил охиригача ишчилар сони 300 нафарга етказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2021-2022 йилларда корхона моноблок компьютер ва ноутбук ишлаб чиқариш, ҳозирда хорижий давлатлардан импорт қилинаётган 5 та ўта ноёб кабель турини корхонада ишлаб чиқариш режалаштирилган.