Уюшмада дарахт экиш акцияси ўтказилди
Ўсимликлар дунёси ҳаёт учун зарур кислороднинг асосий манбаидир. Бир гектар майдондаги дарахтлар бир кеча-кундузда ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Бошқача айтганда, тўртта дарахт бир кишининг кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради.
Ушбу маълумотларни бежиз келтирмадик. Бугун “Ўзэлтехсаноат” уюшмасида хайрли акция ўтказилди. Уюшманинг янги биноси атрофларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.
Бунда шаҳар иқлимига мос чидамли кўчатлар экилишига алоҳида эътибор қаратилди. Бино ҳудудига 70 га яқин манзарали дарахтлар, жумладан 5 хил навли олма, хурмо, анор, шафтоли каби ноёб кўчатлар экилди.
Экилган кўчатларни вақтида суғорилиб, агротехника талаблари асосида парваришлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бугунги шаҳар қиёфасини яшнатиб турган манзарали дарахтларни асраб-авайлашга эътибор бериш долзарб вазифалардандир. Шу жиҳатдан олиб қараганда, уларни парваришлаш бўйича ҳам муҳим чоралар белгиланди.