May 24, 2021

КОРЕЯЛИК КОМПАНИЯ ЮРТИМИЗДА АВТОМАТ ЎЧИРГИЧ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ИСТАГИНИ БИЛДИРДИ

“Ўзэлтехсаноат” уюшмасида Жанубий Кореянинг “VITZRO TECH” компанияси вакиллари билан Ўзбекистонда ўрта ва паст кучланишли қурилмалар, автомат ўчиргичлар лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокара бўлиб ўтди.

Учрашувда меҳмонларга “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналарининг электротехника саноатини ривожлантириш борасидаги фаолиятлари, амалга оширилаётган янги инвестиция лойиҳалари, кореялик инвесторлар иштирокидаги қўшма корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, истиқболдаги вазифалар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, истиқболли лойиҳаларни татбиқ этишда хорижий инвесторлар учун юртимизда яратиб берилаётган шарт-шароитлар, қонунчиликдаги имтиёзлар ва қулайликлар ҳақида ҳам тушунтириш бериб ўтилди.

Жанубий Кореянинг “VITZRO TECH” компанияси 1955 йилда ташкил этилган бўлиб, соф корейс тилида “Нур билан” деган маънони англатади. У дунёни ёрқин нур билан акс эттирувчи компания сифатида ўз ҳамкорларига эга.

Учрашув чоғида кореялик томонлар Ўзбекистонда чет эллик инвесторлар учун яратиб берилган шарт-шароитлар, ҳуқуқий кафолатлар ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини эътироф этган ҳолда бир нечта таклифларни илгари сурдилар. Жумладан, ҳозирги кунда Ўзбекистонда автомат ўчиргичларнинг янги авлодини ишлаб чиқариш таклифини билдирди.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси илгари сурилган таклифни қўллаб-қувватлаган ҳолда уни амалга ошириш механизмлари ва келгусидаги режалар бўйича тўхталиб ўтди.