Ҳиндистоннинг йирик компанияси билан экспорт кўрсаткичларини яхшилаш бўйича музокара
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Ҳиндистоннинг “KMG WIRES AND CABLES PVT LTD” компанияси вакиллари билан видеомулоқот ўтказди. Унда томонлар кабель-сим ва мис маҳсулотларини Ҳиндистон бозорига экспорт қилиш йўллари бўйича музокара олиб борилди.
Таъкидландики, “KMG WIRES AND CABLES PVT LTD” компанияси 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, маиший ва саноат мақсадларида фойдаланиш учун юқори даражадаги эгилувчан кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Мис хом-ашёси асосан импорт асосида кириб келади ва қайта ишланади. Компания мисни Малайзия, Индонезия (бир қатор Осиё давлатларидан) харид қилади. Мисга бўлган йиллик талаб 3000 тонна, бу ойига ойига 250 тонна мисга бўлган эҳтиёжни кўрсатади. Ишлаб чиқариш ҳудуди 56 минг квадрат метрни ташкил этади.
Компания вакили Ришаб Гандининг сўзларига кўра, компания аксарият хом-ашё маҳсулотларини импорт асосида олади. Демак, компанияга сифатли ва экспортбоп мис хом-ашёси зарур. Унинг фикрича, бу йўналишда Ўзбекистонда етарли тажриба мавжуд.
Музокаралар чоғида ҳиндистонлик ҳамкорларга уюшма таркибидаги кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, уларнинг экспорт салоҳияти, мисни қайта ишлаш имкониятлари хусусида батафсил маълумот берилди. Бу борада яна қўшимча маркетинг тадқиқотларини ўтказишга келишиб олинди.