January 23, 2023

ЎЗБЕКИСТОНДА ҚУЁШ ПАНЕЛЛАРИ ВА ИНВЕРТОРЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ ҚЎШМА КОРХОНА ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистонда аҳолини муқобил энергия манбалари билан таъминлаш мақсадида қуёш панеллари ва инверторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Orient Group ва HIBI International Co. Ltd компанияси ўртасида тахминий қиймати 40 миллион доллар бўлган ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур қўшма лойиҳани Ўзбекистонда амалга ошириш ва давлат томонидан берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси масъул ходимлари билан ҳамкорлик учрашуви ўтказилди.

Томонлар Steel Property Construction МЧЖ негизида қуёш фотоэлектр станцияларини ишлаб чиқариш, ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшма корхона ташкил этишни режалаштирмоқда. Биргаликда муҳандислик ва эксплуатация дастурларини амалга ошириш ва инновацияларни жорий этиш ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш имконини беради.

Бу ҳақида HIBI International Co Ltd президенти Ви Сун Мёнг шундай дейди: “Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги бир неча йил ичида жадал суръатлар билан ривожланмоқда, на локдаунлар, на геосиёсий нотинчликлар буни ўзгартира олмади. Ҳам саноат, ҳам демографик омиллар бизни янги корхона очиш учун тўғри танлов қилганимизни англатади. Бу борада бизни қўллаб-қувватлаётган барча ташкилотлардан миннатдормиз”.

Қўшма корхона мамлакатимизда саноат ва аҳолининг қуёш энергиясига бўлган талабини қондириш имкониятини беради. Бу ерда инверторлар, икки томонлама қуёш панеллари ва PBC аккумуляторлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Ушбу жараёнларни тез ва сифатли амалга оширилишида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси тизимдаги корхоналар билан кооперация алоқаларини ўрнатилишида, қонунчиликдаги ҳуқуқий кафолатлардан мақсадли фойдаланилишида амалий кўмак беради.