October 19, 2020

ЖИЗЗАХ ВА ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ЭЛЕКТРОТЕХНИКА КОРХОНАЛАРИ ЎРТАСИДА САНОАТ КООПЕРАЦИЯСИ БЎЙИЧА ЯНГИ КЕЛИШУВЛАРГА ЭРИШИЛДИ

Мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, импорт асосида кириб келаётган маҳсулотлар ва хом-ашёларни ўзимизда маҳаллийлаштириш, корхоналар ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари ўртасидаги кооперация алоқаларининг ривожланиши натижасида импортдан кириб келаётган аксарият бутловчи қисмлар маҳаллийлаштирилиб, кооперация асосида етказиб берилмоқда.

“Rosso Electronics” МЧЖ корхонаси

Яқинда Жиззахнинг Зомин туманида фаолият юритаётган “Trust Electronics” МЧЖ корхонаси билан Фарғона вилоятидаги “Rosso Electronics” МЧЖ ўртасида умумий қиймати 350,0 млн сўмлик шартнома имзоланди. Имзоланган келишувга кўра, “Trust Electronics” корхонаси эндиликда “Rosso Electronics” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган телевизорлар учун уланиш кабель симларини етказиб беради.

“Trust Electronics” МЧЖ корхонаси

"Қўқон" эркин иқтисодий зонасида жойлашган "Rosso" бренди остида телевизорлар ишлаб чиқарувчи мазкур корхонанинг лойиҳа қиймати 1,4 млн доллар бўлиб, миллий бозорларимизда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Корхона муассиси Шухрат Аббосовнинг фикрига кўра, йилига 60-70 минг донагача телевизорлар ички ва ташқи бозорларга етказиб берилмоқда. Келгуси йилдан бошлаб корхона йиллик қувватни 100 минг донага етказиш ҳаракатида.

“Rosso Electronics” МЧЖ корхонаси

Авваллари, “Rosso” бренди остида ишлаб чиқарилаётган телевизорларнинг аксарият бутловчи қисмлари, ҳатто электр таъминотига уланувчи кабель-симлари ҳам хориждан импорт асосида кириб келган эди.

“Rosso Electronics” МЧЖ корхонаси

Корхона раҳбари Рустам Аббасовнинг сўзларига кўра, имзоланган келишувга кўра, корхона иқтисоди анча тежалиб, қарийб 30 млн сўмлик маблағ корхона ҳисобида қолди. Харид қилинган 50 минг дона кабель-шнурлар сифатли бўлиш баробарида ҳамёнбоп ҳисобланади. Йил охиригача яна 30 минг дона худди шундай маҳсулотларга буюртма берилади.

Жиззах вилоятида жойлашган “Trust Electronics” МЧЖ корхонаси 2013 йилдан бошлаб маиший техниканинг барча турлари учун уланиш кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Корхона йилига 5,0 млн дона ана шундай маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Республиканинг 15 дан ортиқ саноат корхоналарига маҳсулот етказиб бермоқда.

“Trust Electronics” МЧЖ корхонаси

Ҳудудларда кооперация алоқаларини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар тадбиркорларга анча қулайликлар туғдириб, уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширмоқда. Бунинг натижасида импорт маҳсулотлари ҳажми камайиб, маҳаллийлаштирилган маҳсулот турлари кўпайиб бормоқда.