December 14, 2020

ХОРАЗМДА 4 ТА ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ РЕЖАЛАШТИРИЛМОҚДА

Республиканинг турли ҳудудларида электротехника саноатини “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, ҳудудларнинг ички имкониятлари ва инфратузилмасидан келиб чиқиб, истиқболли лойиҳа таклифларини шакллантириш мақсадида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М. Юнусов бошчилигидаги Ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида бўлди. Вилоятнинг иқтисодий, ижтимоий ва ҳудудий жойлашувидан келиб чиқиб, қатор лойиҳалар мажмуи шакллантирилди.

Айни пайтда “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида 2 та лойиҳа амалга оширилмоқда. 2021 йилда ушбу ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилган.

Маиший техникалар учун электр двигателлари ва кичик маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 23,0 млн.доллар бўлиб, уларнинг ишга тушиши натижасида йиллик қуввати 1,8 млн. дона импорт ўрнини босувчи маиший техникалар учун электр двигателлари ҳамда 600 минг дона кичик маиший техника маҳсулотлари ишга туширилади, 450 та янги иш ўринлари яратилади.

Мазкур лойиҳалар доирасида ўзлаштириладиган маҳсулотлар тўлиқ импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳисобланади, маиший техникалар учун электр двигателлар ўзлаштирилиши эвазига ҳозирда ишлаб чиқарилаётган кир ювиш машиналари, маиший кондиционерлар ва чангютгичларни маҳаллийлаштириш даражасини ўртача 15-20 фоизга оширилишига эришилади.

2020-2021 йилларда Хоразм вилояти ҳудудида электротехника саноати йўналиши бўйича умумий қиймати 19,9 млн.долл. бўлган 4 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ишчи гуруҳи “ST-ENERGY” МЧЖ томонидан умумий қиймати 2,0 млн.долл. бўлган, қуввати 10,0 минг дона “Қуёш батарея системасида ишлатиладиган янги авлод инверторларини йиғиш ва ишлаб чиқариш” лойиҳаси билан танишдилар. Бу лойиҳа натижасида ҳудуддаги 25 нафар йигит-қизлар доимий иш билан таъминланади.

Шунингдек, бу ҳудудда сув фильтрлари, электротехника маҳсулотлари, электрон газ горелкалари, буғ ва иситиш қозонлари, литий-ион батареяларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳа таклифлари шакллантирилди ва уни амалга ошириш бўйича тадбиркорлик субъектлари, инвесторлар билан келишиб олинди. Тадбиркорларнинг ушбу лойиҳани амалга ошириш чоғида юзага келиши мумкин бўлган муаммолари, мавжуд имкониятлар, қонунчиликда кўрсатилган ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиш каби масалаларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ишчи гуруҳи ишлари республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.