November 24, 2020

КИР ЮВИШ МАШИНАСИ СИФАТСИЗ БЎЛСА-ЧИ?..

Буюк ихтиролардан бири…

Бугунги кунда автоматик кир ювиш машиналари тўғридан тўғри электр энергияси, сув таъминоти ва канализация тармоғига уланади, кир ювиш воситасини солиш ва иккита тугмани босиш билан кирлар ювилади, чайилади ҳамда қуритиб ҳам берилади.

Савдо шохобчаларида турли хил марка, модел ва артикулларда ишлаб чиқарилган замонавий, янги ноёб дизайндаги ярим автомат ва автомат кир ювиш машиналарининг намуналари кўплиги сабаб, уларни танлаш ва харид қилиш бирмунча қийин ишлардан ҳисобланади.

Харид қилишда истеъмолчидан масъулият билан ёндошиш талаб этилади

Бунинг учун аввало харидор кир ювиш машинасининг номи, маркаси, модели, артикули, нархи кўрсатилган ёрлиқлари, шунингдек унинг асосий техник тавсифлари ёзилган қисқача аннотация билан бамайлихотир танишишлари зарур бўлади. Товар қайси мамлакатда ишлаб чиқарилгани, номи, бажарадиган юмушлари, қанча вазндаги кирларга мўлжалланганини билиб олгандан сўнггина уни сотиб олиш мумкин.

Сотувчининг вазифаси нималардан иборат?

Шу ўринда сотувчи уни электр ёрдамида товарнинг сифати, бутлиги, унга тааллуқли ҳужжатларнинг мавжудлиги, нархининг тўғрилигини текшириб бериши ва ундан хавфсиз, тўғри фойдаланишни ўргатиши зарур. Харид жараёнида товар билан биргаликда харидорга товар чеки берилади, унда товар ва сотувчининг номи, сотилган сана, товарнинг артикули, сорти ва нархи кўрсатилади ва кафолат талони тақдим этилади, шунингдек сотувни бевосита амалга оширган шахснинг имзоси қўйилади. Аслида кир ювиш машинасини фақат мутахассис ўрнатиши ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини истеъмолчига айтиб ўтиши керак.

Кафолат муддатида носозлик юзага келса…

Аммо баъзи ҳолларда кир ювиш машинасида сувни иситиш ёки қуритиш режими ёнмай қолади, селектор кўрсатгичи танланган дастур билан мувофиқ келмаслиги, дренаж насоси ишламаслиги, сиқиш ва қуритиш жараёнларида баланд шовқин чиқариши ва сувнинг сизиб чиқиш каби носозликлар вужудга келиб қолади. Бу ҳолат унинг товарга берилган кафолат муддати даврида юзага келса, албатта бу ҳақда сотувчига муролжаат қилиб, уни тегишли сервис хизматидан бепул таъмирлатиб олинади.

Алмаштириш учун савдода айнан шундай товар бўлмаса-чи?..

Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига кўра истеъмолчи сотиб олган товари нуқсонли бўлганда кафолат муддати тартибларидан фойдаланиши, товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга етти кунлик муддатда алмаштириб олиши мумкин. Савдода айнан шундай товар бўлмаса, бошқа маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб олиши, нархларда тафовут бўлса сотувчи билан келишган ҳолда уни қайта ҳисоб-китоб қилиб олади. Маиший техникаларга сервис хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан товарнинг ишлаб чиқаришдаги нуқсони бор деб хулоса берилган тақдирда истеъмолчи бундай мақбул сифатли товарни алмаштириб олиши, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳам ҳақли.

Таъмирлаш, алмаштириш учун элтиш ва қайтариб олиб кетиш кимнинг зиммасида бўлади?

Ҳажми катта ёки вазни беш килограммдан зиёд товарни таъмирлаш, нархини тушириш, алмаштириш учун элтиш ва истеъмолчига қайтариб келтириб бериш сотувчининг (ишлаб чиқарувчининг) кучи билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу мажбурият бажарилмаган тақдирда товарни элтиш ва қайтариб олиб келиш истеъмолчи томонидан амалга оширилиши мумкин. Бунда истеъмолчининг товарни элтиш ва қайтариб олиб кетиш билан боғлиқ харажатларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) қоплаши шарт.

Ёдда тутинг!

Кир ювиш машинаси ишлаш қобилиятини узоқ давом этиши учун қуйидаги бир нечта оддий қоидалар тавсия этилади:

  1. Кийимларни кир машинасига солишдан аввал, барча чўнтакларни ағдариб кўриш, уларда унутиб қолдирилган нарсалар йўқлигини текшириб кўриш;
  2. Кир ювиш машинасига белгиланган оғирликдан ортиқ кийим солмаслик;
  3. Дренаж фильтрини мунтазам текшириб туриш;
  4. Сувни юмшатувчи қурилмадан фойдаланиш;
  5. Чўкиндиларга қарши кимёвий воситалардан фойдаланиш.

www.consumer.uz сайтидан олинди.