May 28, 2021

ТОЖИКИСТОНДА ҚУРИЛИШ БИНОЛАРИ УЧУН ЎЗБЕКИСТОНДАГИ КОРХОНАЛАР БИЛАН КООПЕРАЦИЯ АЛОҚАЛАРИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари М.Хашимов бошчилигидаги корхона вакилларидан иборат делегация Тожикистон Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Бугун Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги қурилиш ва меморчилик қўмитасида учрашув ташкил этилди.

Унда Тожикистон томонидан қўмитанинг бошқарув раиси ўринбосари Каримзода Абдураҳмон Раҳим, бошқарма бошлиқлари, республикада фаолият юритаётган лойиҳалаш институтлари, қурилиш корхоналари ва бошқа ташкилот вакиллари иштирок этди.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари М. Хашимов Ўзбекистон Республикасида электротехника саноатининг бугунги ҳолати, саноатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, инвестиция ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берди. Жумладан, уюшмага аъзо корхоналардан “Ўзэлектроаппарат” АЖ, “Procab”, “Techno cabel group”, “Ideal Electrolux” “Sam Ferre” корхоналарининг ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари тақдимоти ўтказилди.

Учрашувда иштирок этган Тожикистон корхоналари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга катта қизиқиш билдирдилар. Хусусан, “Tojikgidroelektrmontaj” ОАЖ кабел-сим маҳсулотлари ва сув насосларига эътибор қаратиб, ҳамкорлик келишувлари бўйича таклифларини ўртага ташлади.

Шунингдек, Душанбе шаҳрида кўп қаватли ўйларнинг қурилиш суръатларининг кескин оширилиши муносабати билан маиший техника маҳсулотларига талаб ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, уюшманинг “Ideal Electrolux” ва “Sam Ferre” томонидан тақдим этилган сифатли ва арзон миллий маҳсулотлар тожикистонлик тадбиркор ҳамда пудратчи ташкилотларга қизиқиш уйғотди.

Учрашув сўнгида икки томонлама кооперация алоқаларини ривожлантириш ва экспорт шартномаларини имзолаш бўйича томонлар ўзаро келишиб олдилар.