September 12, 2020

ҚАШҚАДАРЁДА ЭЛЕКТРОТЕХНИКА ОИД ЯНГИ ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚИЛМОҚДА

Шу кунларда Ҳукумат комиссияси томонидан республикамиз ҳудудлари бўйлаб саноат корхоналари чуқур, таҳлилий ўрганилмоқда. Жойига чиққан ҳолда ҳар бир туман тадбиркорлари билан ва ишлаб чиқариш объектларида учрашувлар ташкил қилиниб, пандемия шароитида юзага келган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Ҳукумат комиссияси таркибида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари М.Хашимов бошчилигидаги Ишчи гуруҳи ҳам вилоятдаги саноат корхоналари фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда.

Дастлабки ўрганиш Қарши шаҳрида амалга оширилди. Эсингизда бўлса, 2018 йилда “Biss electronics system” МЧЖ корхонасида умумий қиймати 2 миллиард сўмлик бўлган лойиҳа доирасида замонавий телевизорлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Бунинг натижасида 40 га яқин иш ўрни яратилган. Йилига 25 минг дона телевизор ишлаб чиқариш қувватига эга корхона маҳсулотларини экспортга йўналтиришни ҳам режалаштирилган.

Эндиликда ушбу фаолиятни кенгайтириш мақсадида ва янги турдаги электротехника маҳсулотларини ўзлаштириш мақсадида умумий қиймати 10,0 млрд. сўм бўлган “Кондиционерлар ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Ишчи гуруҳи лойиҳанинг келажакдаги истиқболи, мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда маҳсулотларни маҳаллийлаштириш босқичларини ҳам иноабатга олиш юзасидан амалий ёрдам ва тавсияларни берди.

Ҳозирда лойиҳани амалга ошириш бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу жойларда қурилиш-монтаж жараёнлари якунланганидан сўнг, 2021-2022 йилларда Қаршида яна бир янги маиший техника воситаси ишлаб чиқарилишига эришилади.

Ўрганишлар бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.