June 12, 2021

ТОЖИКИСТОНДА ДОИМИЙ ФАОЛИЯТ ЮРИТУВЧИ «MADE IN UZBEKISTAN» ШОУ-РУМЛАР УЙИ ИШ БОШЛАДИ

Унда электротехника маҳсулотлари ҳам асосий ўрин олган

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга ташрифи доирасида Душанбе шаҳрида доимий фаолият юритувчи «Made in Uzbekistan» шоу-румлар уйи ўз ишини бошлади. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан Ўзбекиcтонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун махсус “Шоу-рум”нинг ташкил этилиши Тожикистонга экспорт салоҳиятини ошириш баробарида миллий маҳсулотларимизни халқаро бозорларга кириб боришига, рақобатбардош бўлишига катта замин яратади.

Ушбу шоу-румда “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига аъзо 22 та корхонанинг 100 дан ортиқ маҳсулотлари ўрин олган бўлган. Бу маҳсулотлар экспортбоп ҳисобланиб, Тожикистон бозорида муносиб рақобат муҳитига кириб улгурмоқда. 2020 йилни таҳлил қиладиган бўлсак, Тожикистон Республикасига умумий қиймати 17 млн.долларлик электротехника маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, жорий йил якунига бориб, бу кўрсаткични сезиларли даражада ошириш кўзда тутилмоқда. 2021 йил январь-май ойи ҳолати бўйича ҳозирга қадар 7,5 млн.долларлик маҳсулотлар Тожикистонга экспорт қилинган.

Бундан ташқари, 2020 йилда икки мамлакат раҳбарлари ташаббуси билан Душанбе шаҳрида 10 миллион доллар эвазига “Artel Avesto Electronics” ўзбек-тожик қўшма корхонаси барпо этилган эди. Бу ерда айни кунда маиший чангютгич ва сув иситгичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, келгусида телевизор ва кир ювиш машиналари ҳам ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Қардош тожик халқи Ўзбекистонда тайёрланаётган маиший техника маҳсулотларига катта қизиқиш билдирмоқда. Нархи ҳамёнбоп, энг асосийси сифатли ва сервис хизмати кафолатланганлиги боис бозорда талаб ортиб бормоқда.

Ташкил этилган шоу-рум доимий равишда янгиланиб боради. Янги маҳсулот турлари билан бойитилади. Ҳозирданоқ тожикистонлик бизнес-вакиллари томонидан электротехника маҳсулотларини етказиб бериш бўйича буюртмалар бериш бошланмоқда.