МУЗЛАТГИЧ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ ЯНГИ КОРХОНАДА ҚУРИЛИШ БОШЛАНДИ
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга катта эътибор қаратмоқда. Айниқса, ҳудудларнинг ички имкониятлари ва жойлашувидан келиб чиқиб, лойиҳалар шакллантирилмоқда. Албатта, аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари бирламчи вазифа ҳисобланади.
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қад ростлаётган «TESPACK» масъулияти челанган жамияти томонидан бугун 1 гектар ҳудудда қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 2,5 млн долларни ташкил этади. Йиллик қуввати 90 минг дона музлатгич ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхона ишга туширилгач, 120 та янги иш ўрни яратилади.
– Бу янги иш ўринлари, аввало, шу ҳудуд аҳолиси, хусусан ёшлардан иборат бўлади, – дейди корхона раҳбари Зафар Ахмеджанов. – Корхонада ҳозир қурилиш ишлари давом этмоқда. Зарур техника ва линиялар Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган. Айни пайтда ҳамкорлар билан ходимларни ўқитиш ва касбий кўникмасини ошириш устида ишлаяпмиз. Бундай лойиҳанинг амалга оширилиши нафақат иқтисодиётимиз равнақи, қолаверса аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга ҳам хизмат қилади. Ички бозор талаблари қондирилгач, албатта экспортни ҳам амалга оширамиз.
Лойиҳа 2021 йилда ишга туширилиши белгиланган. Нуробод туманининг “Сазаган” маҳаласида жойлашган янги корхона ҳудуд аҳолиси учун чинакам маънода севимли масканга айланишига шубҳа йўқ.
👇КАНАЛГА ОБУНА БЎЛИШ👇
https://t.me/joinchat/AAAAAE0v36qr