ҲУДУДЛАРДА МУЗЛАТКИЧЛИ ОМБОРХОНАЛАР ТАҚДИМОТИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида "Ўзэлтехсаноат" уюшмасига 2020 йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган музлаткичли омборхоналар ишлаб чиқариш ва уларга замонавий сервис хизматларини кўрсатишни йўлга қўйилиши ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар тадбиркорлар ва фермерларга ушбу маҳсулотлар тақдимотини ўтказиш топширилган.

Белгиланган топшириқларни бажариш ҳамда Республикада саноат музлаткичларининг импорти ҳажмларини мақбуллаштириш мақсадида “Технопарк” МЧЖ томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган музлаткичли омборхоналар ишлаб чиқариш “Shivaki Frigo Cool” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 14 октябрь куни "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси маҳаллийлаштириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва импортни оптималашттириш бошқармаси Технопарк” МЧЖ вакиллари билан Наманган вилоятига ташриф буюрдилар ва вилоят ҳокимияти кўмагида Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази”да тадбиркорлар ва фермерлар учун ишлаб чиқарилаётган “Shivaki Frigo Cool” музлаткичли омборхоналар тақдимотини ўтказдилар. Йиғилишда вилоятнинг 20 дан ортиқ фермер ҳужалиги раҳбарлари ва тадбиркорлар ҳамда экспортерлар иштирок этдилар.

Технопарк” МЧЖ “Shivaki Frigo Cool” лойиҳаси доирасида замонавий музлаткичли омборхоналарни тўла мижознинг талабларига биноан 500 дан 3000 тонна ва ундан катта ҳажмдаги музлаткичли омборхоналар ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд бўлиб, техник хизмат ва тўла 3 йил кафолат хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган.

Маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни маҳаллийлаштирилган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнида маҳаллий ишлаб чиқарувчи тармоқ ва саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган сендвич панеллар, ҳаво совутиш тизимлари (шу жумладан теплообменник, вентиляция тизими қувурлари) термо изоляция, пенополистирол пеноблок маҳсулотлари, кабель ва ёритиш мосламалари ишлатилмоқда. Бунинг самарасида музлаткичли омборхоналарни маҳаллийлаштириш даражаси ўртача 40,0 фоизни ташкил этмоқда.

Мижознинг талабларидан келиб чиққан ҳолда музлатгич омборхоналари Bock (Штутгард, Германия), Bitzer (Зиндельфинген, Германия), Frostcold (Италия), Embraco (Санта Катарина, Бразилия), Tecumseh (Мичиган, АҚШ) компрессорлари билан жиҳозланиши мумкин.

Кейинги ташриф Андижон вилоятига амалга оширилиши белгиланган бўлиб, 2020 йил 15 октябрида вилоят ҳокимлигида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Тақдимотга тадбиркор ва фермерлар ҳамда барча хоҳловчилар таклиф этилади.

Қўшимча маълумотлар учун "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ёки +(998 90) 974-42-74 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.