НУКУС ТРАНСФОРМАТОРЛАРИ “РОСНЕФТ”ГА ЮБОРИЛАДИ
Ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили “Нукусэлектроаппарат” қўшма корхонасида бўлди.
Карантин талаблари доирасида фаолиятини давом эттираётган 230 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилаётган корхонада бугун замонавий турдаги юқори ва паст кучланишли трансформатор маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ишчи гуруҳи корхонанинг экспорт шартномаларини ўз вақтида бажарилиши ҳолати, ишчи-ходимларига яратилган меҳнат шароити, корхонанинг иқтисодий барқарорлигини ошириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар билан қизиқди.
Хўш, корхонадаги вазият қандай? Биламизки, Нукус шаҳридаги йирик ишлаб чиқариш объекти ҳисобланган “Нукусэлектроаппарат” қўшма корхонаси Республика иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади.
Коронавирус пандемиясига қарамай, корхона тўхтовсиз ишлаб турди. Фаолиятлар 2-сменада иш ташкил этилган бўлиб, бу ерда 6300 кВА комплектли тақсимлайдиган қурилмалар, микропроцессор терминаллар асосида РҲА шкафлари, паст вольтли комплектли қурилмалар, 110кВ кучланишгача ажратгичлар ва узатгичлар, паст вольтли аппаратуралар ва электромонтаж маҳсулотлари, шунингдек халқ истеъмоли товарлари ва металл мебеллар ҳамда металлоконструкцияларнинг кенг мажмуиси ишлаб чиқарилади.
Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортга юборилмоқда. Россиянинг «Роснефт” компанияси билан имзоланган келишувга кўра, айни пайтда трансформатор подстанциялари қурилмалари экспортга тайёр.
Нукус шаҳридаги бошқа корхоналарда ҳам худди шу каби ўрганишлар давом этмоқда.