"ЯШИЛ ЭНЕРГИЯ" МАНБАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО КОМПАНИЯЛАРНИНГ ТАҚДИМОТИ
Энергия ва энергия ресурслари ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлайдиган, унинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти даражаси ва аҳолиси фаровонлигини белгилайдиган омиллардан бири ҳисобланади. Соҳа мутахассислари ва олимларнинг маълумотларига кўра, дунёда аниқланган мавжуд табиий ёқилғи-энергия ресурслари 60-150 йил ишлатишга етади. Шу сабабли, кўплаб давлатларда энергия хавфсизлигини таъминлаш ва энергия самарадорлигини ошириш сиёсати қўлланилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ҳам яшил энергетика йўналишида хорижий компаниялар билан кўплаб ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбааларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу соҳадаги янгиликларни кенг жорий этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан АҚШнинг “Astorios Holding” компанияси билан ҳамкорликда маҳаллий тадбиркорлар учун бизнес-учрашув ташкил этилди. Тадбирда асосий эътибор қуёш фотоволтаик панелларининг брендлари, технологиялари ва давлат томонидан олиб борилаётган ислоҳатларнинг қўллаб-қувватланиши каби долзарб масалаларга қаратилди.
Американинг жаҳонга машҳур “Astorios Holding” компанияси бугун қуёш фотоволтаик энергия ишлаб чиқариш ва сақлаш тизимлари учун компонентлар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш билан шуғулланади. Мазкур ташкилот Ўзбекистонда ҳам ўз ваколатхонасига эга.
Бизнес-учрашувда электротехника саноати ишлаб чиқарувчилари томонидан маҳаллий фотоволтаик компонентлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, соҳада муҳандислик мактабларини яратиш, “Яшил энергетика” тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, ишлаб чиқариш ва харид жараёнида ажратилаётган субсидиялар, қуёш панелларини ўрнатиш ва монтаж жараёнида мутахассислар малакасини ошириш каби масалаларда тақдимотлар ўтказилди.
Тадбирда аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатда янги тизим жорий этилгани таъкидланди. Ушбу тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун, қувватига қараб, 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланмоқда. Ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилади.
Бизнес учрашувда B2B форматида ҳам муҳокамалар бўлиб ўтди. Халқаро тажриба ўрганилди. Ривожланган мамлакатлардан ташриф буюрган бизнес вакиллари бу борадаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.