January 20, 2023

МИС САНОАТИ КЛАСТЕРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШДА ТУРКИЯ ТАЖРИБАСИ ЎРГАНИЛМОҚДА

Айни пайтда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва «Ohangaron Tech Industrial» технопарки дирекцияси масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳи Туркия Республикасида бўлиб турибди. Бундан кўзланган мақсад – Туркиядаги “OSTIM” консалтинг компаниясининг индустриал технопарки билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва хорижий тажрибани ўрганишдан иборатдир.

Учрашувлар чоғида Туркиянинг салоҳиятли тадбиркорлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича музокара ва тақдимотлар бўлиб ўтди. Мулоқот давомида туркиялик инвесторлар Ўзбекистонга ҳам таклиф қилинди. Мис саноати соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 июндаги “Кон-металлургия саноати ва унга боғлиқ соҳаларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ Тошкент вилоятида Мис саноати кластери ташкил этилди ва бош вазир раҳбарлигида Махсус комиссия тузилди.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ташкил этилган «Ohangaron Tech Industrial» технопаркида ҳозирги кунда 10 та лойиҳа доирасида умумий қиймати қарийб 200 миллион долларга тенг бўлган лойиҳалар пакети шакллантирилди ва бу жараён давом этмоқда. Мазкур мажмуада йилига 63 минг 500 тонна мисни қайта ишлаш қуввати яратилади. Бунинг натижасида эса 2000 тага яқин янги иш жойлари ташкил этилади.

Туркиялик инвесторларга Ўзбекистондаги шарт-шароитлар, яратилган қулайлик ва берилаётган имтиёзлар, ҳуқуқий кафолатлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.