December 25, 2020

Божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар

Бирор йўналишда тадбиркорликни бошлаш ниятидаги ишбилармон учун каттами-кичикми — ҳар қандай имтиёзнинг ўрни бор. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда унга ҳар томонлама кўмак зарур. Айниқса, асбоб-ускуналарни четдан олиб келишга тўғри келса...

Хориж маҳсулотлари ўзимизда ишлаб чиқариладиган ускуналардан анчагина қиммат туради. Бунинг устига, мамлакатимизга киргунича унга белгиланган миқдордаги бож тўлови ҳам қўшилади. Бизнес эгаси шу асбоб-ускунани маҳаллий бозордан харид қилай деса, ўзимизда унинг муқобили ишлаб чиқарилмайди.

Шу ҳолатни ҳисобга олиб, 2020 йил 27 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган четдан олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бериш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат асосида республика ҳудудига четдан олиб киришда уларнинг ўнта рақамдан иборат ТИФ ТН коди ва асосий параметрларини кўрсатган ҳолда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик асбоб-ускуналарнинг рўйхати тасдиқланди. Хўш, бу билан тизимдаги қандай муаммолар ўз ечими топади?

— Мазкур қарор орқали мамлакатимиз ҳудудига божхона тўловларидан (импорт божхона божи ҳамда ҚҚСдан) имтиёз қўлланилган ҳолда олиб кириладиган технологик жиҳозларнинг аниқ параметр ва номлари белгилаб берилди, — дейди Тошкент шаҳри божхона бошқармаси тўловлар бўлими ходими Нодир Қўчқоров. — Бу божхона расмийлаштирувини амалга оширувчи постларда қарорнинг турлича талқин қилиниши ҳамда мунозарали вазиятлар келиб чиқишининг олдини олади. Шунингдек, четдан олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга божхона имтиёзлари бериш механизми такомиллашади ҳамда уларни маҳаллий ишлаб чиқариш йўлга қўйилишидан манфаатдорлик ошади.

Маҳсулот экспертизаси

Тадбиркор импорт қилинаётган технологик асбоб-ускунанинг ўхшашлари ишлаб чиқарилиши мамлакатимизда мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида экспертизадан ўтказиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКга мурожаат қилади. Марказ томонидан ўхшаш технологик асбоб-ускуна ишлаб чиқарилиши мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида экпертизадан ўтказиш натижаси бўйича хулоса берилади. Экспертиза икки йўналишда — технологик асбоб-ускунани рўйхатга киритиш ҳамда рўйхатдан чиқариш мақсадида ўтказилади.

Бундай хулоса икки иш куни мобайнида амалга оширилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, марказ бир йилда камида бир марта мажбурий тартибда рўйхатни экспертизадан ўтказади ва технологик асбоб-ускунани Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда манфаатдор вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ишлаб чиқарувчилар тўғрисида олинган маълумотлар асосида рўйхатдан чиқариш таклифи билан чиқади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатдор

Муайян соҳа ёки йўналишга бериладиган имконият бошқасига салбий таъсир қилиши мумкин. Масалан, бирор жойимиз оғриб, уни даволаш учун дори ичсак, танамизнинг бошқа аъзоси бундан жабр кўриши ҳам бор гап. Бозорда ҳам шундай: баъзида импорт қилинувчи маҳсулот божининг камайишидан айрим маҳаллий тадбиркорлар зиён кўради.

Қарорда назарда тутилган имтиёзлар янги технологик асбоб-ускуналарга қўлланилиши ҳамда битта шартномага мувофиқ, мазкур технологик асбоб-ускуналар билан бирга, уларнинг ажралмас қисми сифатида етказиб берилган бутловчи ва эҳтиёт қисмларга ҳам татбиқ қилиниши белгиланган.

— Қарорда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида, агар шу турдаги асбоб-ускуналар импорт қилинганда, божхона тўловларидан имтиёз қўллаш кўзда тутилмаган, — дейди Нодир Қўчқоров. — Унга мувофиқ, импортёрдан четдан олиб келинаётган технологик асбоб-ускуналар учун божхона тўловлари (импорт божхона божи ҳамда ҚҚС) ундирилмайди. Натижада республика ҳудудига кириб келаётган товар нархига фақатгина транспорт ташиш харажатлари қўшилади. Бу эса технологик асбоб-ускуналар таннархи сунъий ошиб кетишининг олдини олиш баробарида улар ёрдамида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардош ва арзон бўлишига замин яратади.

Импортёр фойдаси

Демак, ишлаб чиқарувчилар ҳар томонлама фойда кўради. Шундай бўлгач, табиий равишда техникаларни чет элдан олиб кириб, бирор тадбиркорликни йўлга қўймоқчи ёки уларни сотиб, фойда кўрмоқчи бўлган импортёр учун бунинг қандай манфаати бор, деган савол туғилади.

Масалан, ишбилармон томонидан 50 минг АҚШ долларига тенг технологик жиҳоз импорт асосида олиб келинса, унга нисбатан ушбу қарор билан фақатгина ҚҚСдан 15 фоиз миқдорда имтиёз қўлланилган тақдирда 7500 АҚШ доллари (бугунги кундаги Марказий банк курси бўйича тахминан 76 миллион сўм) миқдоридаги маблағ тадбиркорнинг ўз ихтиёрида қолишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорга қўшимча иш ўрнини яратиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, арзон ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, бозорда ўз ўрнини тезда топишига ёрдам бериши мумкин.

Юқорида таъкидланганидек, ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган техник жиҳозларга божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар берилиши орқали бозорда нархлар сунъий ошиб кетишининг олди олинади. Қолаверса, чет эл ускуналари билан ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган тадбиркор учун ҳам енгиллик беради. Демак, бу маҳаллий маҳсулотлар таннархига ҳам ижобий таъсирини кўрсатади.

Ўзбекистон киото халқаро конвенциясига қўшилди

Божхона соҳасида халқаро муносабатларнинг ўзига хос ўрни бор. Шу йилнинг 21 декабр куни Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июнда қабул қилинган ўзгартиришлар билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонун билан мамлакатимиз Киото халқаро конвенциясига аъзо бўлди.

Қонунга кўра, Ўзбекистон ушбу халқаро Конвенцияга қўшимча шарт билан (Товарларни каботаж ташиш бобини мустасно қилган ҳолда) қўшилади.

Маълумот учун, Киото конвенцияси 1973 йил 18 майда Киото шаҳрида қабул қилинган бўлиб, унга 1999 йил 26 июнда ўзгартиришлар киритилган. 2006 йил 3 февралда янги таҳрирда кучга кирган. Бугунги кунда Халқаро божхона ташкилотига аъзо 183 та давлатдан 121 таси, шунингдек, 7 та МДҲга аъзо давлат (Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Украина) мазкур конвенцияга қўшилган.

Конвенцияга аъзо бўлиш божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш орқали ташқи савдо субъектларига қулай шарт-шароитлар яратишга замин яратади.

Соҳиба МУЛЛАЕВА,

“Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири