June 15, 2021

ИЧКИ БОЗОРНИ СИФАТСИЗ КАБЕЛЛАРДАН ҲИМОЯЛАШ ВАҚТИ КЕЛДИ

Бу инсон ҳаёти ва мол-мулки учун катта ХАВФ эканлигини доим ёдда тутиш лозим

“Ўзэлтехсаноат” уюшмасида кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам айтиш керакки, ички бозорларимизда бугун хориждан импорт асосида кириб келган кабель ва сим маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда. Бу маҳсулотлар қанчалик сифатсиз бўлмасин, арзон ва ҳамёнбоплиги билан харидорларга манзур келаётгани бор гап. Бунинг тасдиғини яқинда ички бозорларимизда тегишли ташкилот масъуллари билан ҳамкорликда олиб борилган “назорат тадбирлари” ҳам яққол тасдиқлайди.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М.Юнусов маҳаллий бозорларимизда сифати кафолатланмаган, инсон ҳаёти учун хавф туғдирувчи, ёнғинга чидамсиз кабель турлари кўпайиб бораётганлигини танқидий-таҳлилий руҳда изоҳлаб берар экан, бунда ўзимизнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз, йирик саноат корхоналаримиз мазкур масалага бефарқ бўлмасдан, ички бозоримизни сифатли кабеллар билан тўлдиришга ҳисса қўшишларини таъкидлаб ўтди. Ҳатто, хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бир неча турдаги кабель маҳсулотлари лаборатория синовидан ўтказилганда мутлақо талабга жавоб бермаслиги ўз тасдиғини топди. Афсуски, бугун қурилиш объектларида, ижтимоий биноларда кўп миқдорда худди шу каби кабеллардан фойдаланишмоқда. Албатта, бу ачинарли ҳолат. Чунки, бунда аввало инсон ҳаёти ва унинг саломатлиги турибди. Қолаверса, катта миқдордаги мол-мулкларга ҳам қисқа туташув сабаб жиддий зарарлар етмоқда. Бундай ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Ёнғин хавфсизлиги хизматининг маълумотларидан кўрадиган бўлсак, аксарият ёнғинлар сифатсиз ва ёнғинга умуман чидамсиз бўлган кабеллар туфайли келиб чиқмоқда.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бошчилигида тузилган соҳага алоқадор тегишли ташкилотлар иштирокидаги Ишчи гуруҳи Тошкент шаҳридаги бир нечта қурилиш бозорларида бўлиб, у ерда сотилаётган кабель-сим маҳсулотларини ҳам кўздан кечиришди ва халқаро стандарт меъёрий ҳужжатлари асосида юртимиздаги аккредитациядан ўтган лабораторияда синовдан ўтказилди. Натижада тадбиркорлар томонидан кўпроқ фойда олиш мақсадида импорт асосида олиб келинган бу маҳсулотлар синови ҳаёт учун қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиб турибди. Ҳатто, сотувчилар бу маҳсулотларнинг сифатлилик даражаси билан қизиқаётгани ҳам йўқ.

– Тўғри, бозорда талаб бор, аммо эртага бундан келиб чиқадиган салбий оқибатларчи? Бунга ким кафил бўла олади? Оддий хонадонларимиз учун зарур бўлган бу кабель-сим маҳсулотлари чуқур текширувдан ўтказилганда, табиийки ўзининг сифатсизлигини кўрсатди. Демак, бу тамомила яроқсиз маҳсулот дегани. Бугун биз ички бозоримизни ўзимиз ҳимоя қилмасак, эртага кеч қоламиз, – деди “Ўзэтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов. Тан олиш керак, айнан шу маҳсулотлар бугун харидоргир. Бу тадбиркорга ҳам фойда, албатта. Хўш, бунга сабаб нима? Аввало, бу маҳсулотлар арзон ва ҳамёнбоп бўлиши билан изоҳланмоқда. Аммо унинг сифатичи, унинг яроқлилик даражасичи? Бунга ким жавоб беради? Демак, ички ишлаб чиқарувчи тадбиркорларимиз ҳам маҳсулот тан-нархини қайта кўриб чиқишлари лозим. Президентимизнинг 5011-сон қарори билан мис хариди бўйича, экспортда транспорт харажатлари бўйича қатор имтиёзлар берилди. Демак, бунда кўп маблағлар тежаб қолинишига, маҳсулотларнинг тан-нархи ҳам сезиларли даражада тушишига эришишимиз керак эди. Афсуски, узоққа бормайлик, қўшни мамлакатлардаги нарх-наво билан солиштирганда нарх масаласида бугун тафовут борлигини кўряпмиз. 1 сўм арзон бўлса ҳам маҳсулот ўз эгаси ва харидорига эга бўлади. Бозор талаби бу, рақобат бу. Бунда курашиш керак. Бўлмаса ютқазиб қўямиз, – сўзини давом эттирди Уюшма раиси.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, текширилган кабель-сим маҳсулотларининг ҳатто ишлаб чиқарувчилари аниқ эмаслиги, қолаверса қадоғида кўрсатилган параметрлар айни ҳолатга тўғри келмаслиги, юқори ва паст кучланишли электр узатишларида чидамли эмаслиги, тез ишдан чиқиши эҳтимоли юқорилиги, қизиб кетиши, қолаверса кафолат муддатларининг аниқ эмаслиги ўз исботини топди.

Корхона масъуллари бундай ҳолатларда тезкор чоралар кўриш ва унинг олдини олиш бўйича ўз таклифларини ўртага ташладилар. Масала жиддий. Ҳар томонлама чуқур ўйланган қарор кўп нарсани ўзгартириши мумкин. Бозор қонуниятларидан четга чиқмаган ҳолда миллий кабель-сим маҳсулотларимизнинг сифатли ва ҳамёнбоплигини кўрсата билиш, истеъмолчиларнинг ишончини қозониш, рақобатга қарши курашиш, одамларда харид маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш бугунги кун талабига айланиб бормоқда.

Бундан ташқари, очиқ мулоқотда кабель-сим ишлаб чиқарувчиларнинг олдиларида турган муаммолари, экспорт шартномаларини бажариш ва янги бозорларга чиқиш, белгиланган имтиёзлардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш бўйича ҳам бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

“Ўзэлтехсаноат”

уюшмаси Ахборот хизмати