September 10, 2020

Қирғизистон президенти «Артель Электроникс» корхонасига борди. Бу ерда маҳсулотларни экспорт қилишга тайёргарлик кўрилмоқда

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида маиший техника ишлаб чиқариш бўйича Қирғизистон-Ўзбекистон келишуви асосида очилган қўшма корхона ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда ва экспортни режалаштирмоқда.
Қайд этилишича, Қорасув туманининг Андижон қишлоғида «Артель Электроникс» қирғиз-ўзбек қўшма корхонаси ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда ва маҳсулотларни экспорт қилишни режалаштирмоқда. Уни очиш тўғрисидаги келишувга Сооронбай Жээнбековнинг 2017 йил декабрь ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида эришилган.

Бугун, 10 сентябрь куни, Ўш вилоятига сафари доирасида Сооронбай Жээнбеков ушбу корхонага ташриф буюриб, фаолияти билан танишди.

Тижорат директори Орозбай Отажонов корхона 2018 йилдан буён ишлаб келаётгани ва маиший техника ишлаб чиқариш, хусусан, кир ювиш машиналарини йиғиш билан шуғулланаётгани ҳақида маълумот берди.

Бугунги кунга қадар 105 киши иш билан таъминланди, иш ўринлари сонини 200 тага етказиш режалаштирилган.

Корхона ойига 900га яқин кир ювиш машиналари ишлаб чиқаради, ойлик савдо ҳажми эса 3 миллион сомни ташкил этади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ички бозорда сотилади.

Таъкидланишича, 2022 йилда газ плиталарини, 2023 йилдан эса телевизорлар ва музлатгичлар ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилган.

Президент Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон энг яқин қўшни давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини, шу жумладан қўшма саноат корхоналарини яратиш орқали ошириш зарурлигини маълум қилди.

Сооронбай Жээнбековнинг қайд этишича, улар улкан экспорт салоҳиятига эга, чунки Қирғизистон божхона тўсиқлари ва божларсиз маҳсулот етказиб бериш мумкин бўлган Евросиё иқтисодий иттифоқи бозорларига кириш имкониятига эга.

Президент меҳнат жамоаси билан суҳбатда корхонанинг ҳар бир ходими унинг ривожланишидан манфаатдор бўлиши кераклигини таъкидлади. У корпоратив бошқарувнинг япон услубини мисол қилиб келтирди, бунда барча ходимлар ўзлари ишлаётган корхонага ўзларининг шахсий мулки сифатида қарашади.

Президент минтақаларни ривожлантириш сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида сўзлаб берди, унинг доирасида экспорт салоҳиятига эга корхоналарга асосий эътибор қаратилмоқда.