September 8, 2020

ТОЖИКИСТОНДА “MADE IN UZBEKISTAN” КЎРГАЗМАСИ ВА САВДО ЯРМАРКАСИГА ҲОЗИРЛИК КЎРИЛМОҚДА

Жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ҳукумати раҳбари бошчилигидаги делегация Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишида иштирок этиши кутилмоқда. Бош вазир А. Ариповнинг Тожикистон Республикасига ташрифи доирасида бизнес-форум, “Made in Uzbekistan” кўргазма ва савдо ярмаркаси ҳамда маиший техника ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхонанинг очилишига юқори савияда ҳозирлик кўрилмоқда.

Кўргазма ва ярмаркада “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этади. Жумладан, маиший техника воситалари, кабель-сим маҳсулотлари ва бошқа зарур электротехника маҳсулотлари кенг намойиш этилади ва савдоси йўлга қўйилади. Тожикистоннинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, қўшма ҳамкорликда корхоналар очиш борасида ҳам муҳим янгилик бўлиши кутилмоқда. Айнан маиший техника соҳасида иккитомонлама ҳамкорлик масалалари ташриф доирасида муҳим ўрин тутади. Кўп асрлик тарихга эга икки қардош халқнинг ўзаро муносабатлари янги босқичда ривожланишига ишонч билдирилмоқда.