May 27, 2021

ТОЖИКИСТОНДА "АҚЛЛИ" ҲИСОБЛАГИЧЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БЎЙИЧА МУЗОКАРА БЎЛИБ ЎТДИ

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари М.Хашимов бошчилигидаги корхона вакилларидан иборат делегация Тожикистон Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Бугун Тожикистон саноат вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Шарифи ва бир нечта корхона вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар асосан икки томонлама қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб, "Ўзэлектроаппарат", "Тошэлектроаппарат" АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган "ақлли" электрҳисоблагичларни Тожикистон тадбиркорлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифини муҳокама қилдилар.

"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари М.Хашимов маъруза қилиб, Ўзбекистонда электротехника саноатини ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар, қўшма лойиҳалар ва амалга оширилиши белгиланган қатор ҳамкорлик алоқаларига эътибор қаратди.

Тожикистон томони Ўзбекистонда биллинг тизимига уланган, истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни автоматик равишда амалга оширадиган ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш бўйича етарли тажриба мавжудлигини таъкидлаб, Тожикистонда ҳам АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, истеъмолчиларнинг фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилишини музокаралар чоғида билдириб ўтдилар.
"Тошэлектроаппарат" корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган электр ҳисоблагичнинг халқаро талабларга мослиги ва унинг муҳим афзалликлари ҳақида тақдимот ўтказилди.