November 5, 2020

ХИТОЙЛИК ҲАМКОРЛАРГА ЭЛЕКТРОТЕХНИКА ОИД ИСТИҚБОЛЛИ ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

Айни пайтда Хитой Халқ Республикасида онлайн тарзда ўтказилаётган "Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмаси" доирасида бугун «Doing Business in Uzbekistan» бизнес форуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва Хитойдан тадбиркорлик субъектлари, йирик компания вакиллари ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи бизнес вакиллари иштирок этди. Бизнес-форумда асосий мақсад икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, бизнес юритиш борасида истиқболли келишувларга эришишдан иборатдир.

Тадбирда хўжалик бирлашмалари, саноат корхоналари ва экспорт-импорт, инвестиция салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташкилот вакилларининг тақдимотлари тингланди. Хусусан, электротехника саноатини ривожлантириш ва бу йўналишда янги истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси М. Юнусов ўз тақдимотини амалга оширди.

Хитойлик тадбиркорларга Ўзбекистонда электротехника саноатининг ривожланиш истиқболлари, Хитой ҳамкорлари томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, 2025 йилгача амалга ошириладиган ҳаракатлар стратегияси ва янги истиқболдаги инвестиция лойиҳалари ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Хусусан, хитойлик шериклар билан биргаликда Хитойнинг «TCL» компанияси билан ҳамкорликда 1 миллион дона ишлаб чиқариш қувватига эга телевизорлар ишлаб чиқариш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди. (лойиҳа қиймати 11 миллион доллар), чангютгичлар ишлаб чиқариш бўйича йиллик қуввати 450 минг дона бўлган «KingClean Electric Co.,ltd» компанияси билан (лойиҳа қиймати 5 миллион доллар), музлатгичлар ишлаб чиқариш бўйича 720 минг дона ишлаб чиқариш қувватига эга «Midea» компанияси билан ҳамкорлик ўрнатилди. (лойиҳа қиймати 25,7 миллион доллар).

Шунингдек, «Whirlpool China» компанияси билан 1,1 миллион дона кир ювиш машиналарини ишлаб чиқариш қувватига эга лойиҳа амалга оширилди. (лойиҳа қиймати 28,0 миллион доллар).

Ҳозирда насосларни ишлаб чиқариш бўйича «LEO» билан қўшма лойиҳалар бошланган. (қуввати - 550 минг дона, қиймати - 8 миллион доллар), маиший техника соҳасида электр моторларини ишлаб чиқариш учун «Gree» компанияси билан (қуввати - 1,8 миллион дона, қиймати - 15, 5 миллион доллар), лифтлар ва эскалаторларни ишлаб чиқариш йўналишида «Shanghai Mitsubishi» (қуввати - 2 минг дона, қиймати - 9,3 миллион доллар), шунингдек «Kinte» компанияси билан совутиш ускуналари бўйича илмий-техник ҳамкорлик (қуввати - 80 минг дона, нархи -25,8 млн. АҚШ доллари) йўлга қўйилди.

Ўзбекистонда электротехника соҳасидаги импорт таҳлил қилинар экан, айрим бутловчи эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштиришга бўлган талаб ва эҳтиёж ортиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, маиший техника воситалари учун компрессорлар, компьютер ва оргтехника буюмлари, насослар, фотоэлектр панеллари, электрон платалар, тикув машиналари каби маҳсулот турларини тезроқ ишлаб чиқариш ва йўлга қўйиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Бизнес-форумда хитойлик тадбиркорлар билан тақдим этилган лойиҳалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.