Ўғирланган Samsung смартфонларини энди интернетга уланмаган бўлса ҳам топа оласиз!

Жанубий кореялик етакчи технологик компания смартфонларида Find My Mobile сервиси мавжуд. Фойдаланувчи ўз қурилмасини йўқотиб қўйса, уни ушбу сервис ёрдамида интернет орқали топиши мумкин.

Samsung энди мазкур сервисга Offline finding (Офлайн қидириш) номли янги функция қўшди. Номидан ҳам англашилиб турганидек, у билан энди ҳатто интернетга уланмаган бўлса ҳам смартфонни топиш мумкин!

Интернетсиз ҳам топиш учун қидирилаётган қурилмада Offline finding функцияси фаоллаштирилган бўлиши лозим. Шундагина бошқа бир Samsung Galaxy смартфони орқали уни топиш имкони бўлади.

Мазкур янгиликка машҳур XDA Developers ресурси муҳаррири Макс Вайнбах (Max Weinbach) эътибор қаратган. Offline finding функцияси қуйидагича тавсифланган:

«Ушбу функция сизнинг смартфонингизни бошқаларнинг Galaxy қурилмаси ёрдамида топиш имконини беради, ҳаттоки у интернетга уланмаган бўлса ҳам. Шунингдек, у йўқотиб қўйилган Galaxy девайслари яқин атрофда бўлса, уларни сизнинг смартфонингизни қўллаганча топиш имконини тақдим этади. Бундан ташқари, агар охирги марта ушбу смартфонга уланган бўлса, ақлли соат ва қулоқчинларни ҳам топиш мумкин».

Пайқаган бўлсангиз керак: Offline finding функциясининг битта «лекин»и ҳам бор. Яъни, агар бу функцияни фаоллаштириб қўйсангиз, атрофингиздаги бошқа Samsung смартфонлари эгалари сизни «топиши» мумкин. Шундай экан, бошқаларга «кўринмаслик» муҳимми ёки телефонингиз йўқолиб қолса уни топиш имконими – ўзингиз танлайсиз.