March 1, 2023

Берлинда ўтказилган Германия-Ўзбекистон бизнес-форумида электротехника саноатига оид ҳамкорлик меморандумлари имзоланди

Маълумки, айни пайтда Ўзбекистон Ҳукумати делегацияси Германия Федератив Республикасида бўлиб турибди. Бугун Берлин шаҳрида Германия-Ўзбекистон ишбилармон доира вакилларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов раҳбарлигидаги бир қатор корхона вакиллари ҳам иштирок этиб, соҳалар бўйича алоҳида шўъба йиғилишлари ва В2В шаклидаги учрашувларда иштирок этдилар.

📝Германия ва Ўзбекистон бизнес вакиллари билан мис саноати кластери, “яшил энергетика” ва соҳага кадрлар тайёрлаш йўналишида музокаралар олиб борилди.

Бугунги кунда кўп йиллик конструктив ва самарали мулоқот натижасида икки ҳамкор мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли шериклик йўлга қўйилган, германиялик ҳамкорлар кўмагида Ўзбекистонда қатор йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳозирда юртимизда Германия капитали иштирокида 200 дан ортиқ корхона самарали фаолият юритяпти.Улар орасида электротехника саноатига оид қўшма корхоналар ҳам мавжуд. Жумладан, “Viessmann” компанияси билан икки контурли иситиш қозони ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, 2022 йилда шиша тола ишлаб чиқарувчи "Falk Porsche Fiberglass" Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси ишга туширилди.

Форум якунида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланишига эришилди. Жумладан, “Технопарк” МЧЖ билан “Diehl Metering” ўртасида электрон сув ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш, Gierus компанияси билан иситиш қозонлари учун қуйиш қурилмаларини йўлга қўйиш, “Next Generation” корхонаси эса Viessman компанияси билан иссиқлик қозонлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш юзасидан ҳамкорлик шартномаларини имзоладилар.

Шунингдек, делегация аъзолари Германия кичик ва ўрта корхоналар федерал ассоциацияси вакиллари билан ҳам учрашув ўтказдилар.

Учрашувлар давом этмоқда...