“ЎЗЭЛТЕХСАНОАТ” УЮШМАСИ КОРХОНАЛАРИ ВА “ДЕҲҚОНОБОД КАЛИЙ ЗАВОДИ” БИЛАН КООПЕРАЦИЯ АЛОҚАЛАРИ ЎРНАТИШ МАҚСАДИДА УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
“Ўзэлтехсаноат” уюшмасида “Ўзкимёсаноат” АЖ таркибига кирувчи “Деҳқонобод калий заводи” вакиллари билан уюшмага аъзо корхоналар ўртасида ички кооперация алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш юзасидан амалий мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда “Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг техник хизмат кўрсатиш таъмирлаш ишларини мувофиқлаштириш, реконструкция ва модернизация лойиҳаларини амалга ошириш бўлим бошлиғи Анвар Ашуров, корхона бош энергетиги Эргаш Ёдгоров ва бошқа ходимлар ишлаб чиқариш цехлари ва жараёнларида зарур бўлган, импорт асосида кириб келаётган кабель-сим, юқори кучланиш ускуналари ва бошқа маҳсулот турлари бўйича уюшма корхоналарига тақдимот ўтказдилар. Бундан кўзланган мақсад – ушбу импорт маҳсулотларини “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилишини ташкил қилиш ва кооперация асосида етказиб беришдан иборат.
Таъкидландики, бугунги кунда мазкур завод тоғ-кон мажмуасидаги махсус электротехника жиҳозлари, бутловчи қисмларини Россия, Белорусь, Хитой ва бошқа хорижий давлатлардан импорт асосида сотиб олмоқда. Ушбу асбоб-ускуна ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқиш ва унинг ўрнини тўлдириш қўшимча сармоя ва кўп вақт талаб этаётганлиги корхона масъул ходимлари томонидан таъкидланди. Бу эса маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш жараёнидаги узилишларни ва уларнинг таннархи ошиб кетиши каби муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ўз навбатида, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси таркибидаги корхоналар вакиллари ўзлари ишлаб чиқараётган электротехника маҳсулотлари бўйича “Деҳқонобод калий заводи” АЖ вакилларига батафсил маълумотлар тақдим этдилар. Хусусан «Andijonkabel», «Uzkabel», «Techno Cable Group» кабель маҳсулотлари, «Chirchiq Transformator Zavodi», «Toshelectroapparat», «O`zelektroapparat-Electroshield», «Elstan» кучланиш ускуналари, шкаф модуллари ва автомат учиргичлар ва «Ihlas elektrik», «Quality Electronics» ёритиш мосламалари бўйича маҳсулот тақдимотларини ўтказдилар.
Бундан ташқари, “Деҳқонобод калий заводи” томонидан тақдим этилган рўйхатдаги айрим кабель-сим, юқори кучланиш ускуналари ва бошқа маҳсулот турлари уюшма корхоналари томонидан шу кунгача маҳаллийлаштирилган. Ушбу зарур эҳтиёт қисмларини етказиб бериш юзасидан ҳам дастлабки келишувларга эришилди.
Тадбир якунида “Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг ташаббуси билан “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари учун Қашқадарё вилоятида жойлашган “Деҳқонобод калий заводи”га ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнлари ва зарур электротехника жиҳозларини кўздан кечириш таклифи билдирилди.