July 2, 2020

ЖАНУБИЙ КОРЕЯНИНГ “DONG-A ELECTRIC” КОМПАНИЯСИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛЕКТРОТЕХНИКА МАҲСУЛОТЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЮЗАСИДАН МУЗОКАРА ЎТКАЗИЛДИ

«Ўзэлтехсаноат» уюшмасида коронавирус пандемияси туфайли хорижлик инвесторлар ва бизнес вакиллари билан масофадан туриб видеомулоқот олиб борилмоқда. Музокараларда асосан амалга оширилиши режалаштирилаётган янги истиқболли инвестиция лойиҳалари бўйича муҳокамалар олиб борилди.

Жанубий Кореянинг “Dong-A Electric” компанияси билан ўтказилган мулоқотда томонлар Ўзбекистонда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати, мавжуд муаммолар ва уни бартараф этиш чоралари тўғрисида музокара олиб бордилар.

Жанубий Кореянинг “Dong-A Electric” компаниясининг катта ижрочи директори Ким Тэ У таъкидлашича, лойиҳа доирасида компания томонидан тегишли маркетинг изланишлар олиб борилган. Ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган электротехника маҳсулотларини нафақат ички бозор балки ташқи бозорларга экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, “Dong-A Electric” компанияси 1955 йилда ташкил топган бўлиб, дастлабки фаолияти асосан кимё саноатига ихтисослашган. 1977 йилдан бошлаб, электротехника саноати маҳсулотларини ишлаб чиқара бошлаган. Кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги таниқли компания сифатида бир неча бор мукофотларга сазовор бўлган.