September 3, 2020

МИЛЛИЙ БРЕНД МИЛЛИЙ ҒУРУРИМИЗ ЭКАНЛИГИНИ УНУТМАНГ!!!

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Ахборот хизматинингижтимоий тармоқларда тарқалган «Artel” компанияси ҳақидагивидеоролик бўйича расмий муносабати

Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай мамлакатнинг имиджи ёки унинг халқаро бозордаги нуфузини ўз миллий брендлари белгилаб беради. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз “Made in Uzbekiston” ёрлиғи билан дунё ҳамжамияти эътиборига тушар экан, демак, биз тараққий этган давлатлар қаторидан бораётганлигимизни ҳеч шак-шубҳасиз инкор этиб бўлмайди. Аммо бундай ғурур ва ифтихор туйғуларини ҳис этмай туриб, ўз манфаати ва хоҳишлари йўлида, 40 мингдан ортиқ одам меҳнат қилаётган катта бир жамоага ҳурматсизлик қилиш, уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказишни ҳеч бир изоҳ билан оқлаб бўлмаса керак. Гап нима ҳақида кетаётганлигини англаб олиш қийин эмас. Охирги 2-3 кун ичида ватанпарвар халқимиздан келаётган турли мулоҳазалар, ғазаб ва нафрат тўла муносабат ва қарашлар, миллий ўзлик ва миллий ифтихор туйғуларининг топталишига қарши ўткир нуқтаи назарларини ўқиб адоғига ета олмайсан. Ҳайриятки, миллий бренд – бу миллий ғурур эканлигини халқимиз чиндан дилдан ҳис этишини яна бир карра англаб олдик. Демак, биз бефарқ эмасмиз.

31 август куни фуқаро Ш. Эгамбердиев томонидан “Артел” ва “Акфа” компанияларини обрўсизлантириш, уларнинг ишчанлик обрўсига зарар етказадиган нотўғри маълумотларни ўз ичига олган видеоролик тайёрлаб, уни интернетдаги саҳифаси ҳамда бошқа фойдаланувчилар томонидан Telegram, Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқлари орқали кенг тарқатилгани, табиийки, жиддий, аммо ўринли эътирозларни келтириб чиқарди.

Мустақил тараққиётимизнинг 29 йиллиги арафасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинганда, иқтисодиётимизнинг бош томири ҳисобланган саноат корхоналари алоҳида эътироф этилади. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан оғир пандемия шароитида ҳам ишлаб чиқаришимиз тўхтаб қолмади, юртимиз драйвери мунтазам ишлаб турди. Бунда электротехника саноати корхоналарининг муҳим ўрни борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Минглаб фуқароларнинг хонадонига файз ва қувонч олиб кирган миллий маҳсулотларимиз қисқа вақт ичида бизнинг миллий ифтихоримизга айланиб бўлди. Биргина “Артел” компанияси мустақил Ўзбекистонимизнинг ривожи, иқтисодий салоҳиятини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш борасида тинмай меҳнат қилмоқда. Мазкур меҳнатларнинг натижаси ўлароқ, компания тизимидаги корхоналарда ҳамда вилоятлардаги ҳамкорлари, кичик ишлаб чиқариш цехларида 40 000 дан ортиқ одам фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, жорий йилнинг ўзида 3000 га яқин иш ўринлари яратилди.

Корхона маҳсулотлари 10 дан ортиқ давлатларга экспорт қилинмоқда, жумладан жорий йилда экспорт ҳажми 100,0 млн. доллардан ортиқни ташкил этади. Жорий йилнинг 8 ойида давлат бюджетига 500,0 млрд сўмдан ортиқ солиқ тўловлари тўланган. Шунингдек, вилоятлардаги ҳамкор корхоналар ҳам солиқларни тўлаб келмоқда.

Бизнинг корхоналарнинг асосий мақсади юртимизни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш, халқимиз фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашдир. Қанчалик олдимизга олий мақсад қўйиб, бир оила каби курашмайлик, айрим ҳасадгўй шахсларнинг, бир марталик машҳурлик ортидан қувиб, билиб-билмай компания шаъни ва ишчанлик обрўсига зарар келтирувчи маълумотларни тарқатаётгани ҳар қандай одамни ғазаблантириши табиий. Тан олиш керак, “Артел” миллий брендимизга айланиб бўлди. Бундай брендлар сафи эса тобора кенгайиб бормоқда. Халқаро брендларни ўзимизда ўзлаштириб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан жаҳонга танитиш бизга шуҳрат олиб келса келадики, аммо зарар қилаётгани йўқ. Бундай натижага эришиш эса ўз-ўзидан бўлмаслигини барчамиз яхши англаймиз. Масалан, Кореянинг “Samsung”, Япониянинг «Shivaki», Германиянинг «Viessmann» сингари брендлари остида маҳсулотлар бугун ўзимизда тайёрланиб, қадоғида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан жаҳонга экспорт қилинмоқда. Буни 5-6 йил аввал орзу қилардик. Бугун эса бу ниятларимизга эришдик. Ўзбекистонни дунё тан олмоқда.

Аммо бу ютуқларимизга беътибор бўлиб, интернет тармоқларида хоҳлаганча ҳақорат қилиш, маълумотларни текширмасдан тарқатиш ва шахсларнинг обрўсига зарар келтирувчи маълумотларни шу вақтга қадар ҳеч бир чекловсиз тарқатиб келаётган айрим кимсаларга қонун олдида жавобгарлик борлигини ҳам эслатиб қўймоқчимиз.

Аминмизки, барча қонун олдида тенг. Бундай ҳатти-ҳаракатларга нисбатан қонун олдидаги жавобгарликни талаб қилишга ва бизнинг уюшма таркибимиздаги ҳар қандай электротехника саноати корхоналари манфаатини ишончли ҳимоя қилишга тайёр эканлигини маълум қиламиз.

Намоз Толипов, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари.