ИНТЕРВЬЮ
Сўнгги вақтларда иш жойларида турли хил бахтсиз ҳодисалар оқибатида ишчи-хизматчиларнинг ногирон бўлиб қолиши, ёхуд уларнинг ҳаёт билан видолашиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу билан бир қаторда жамиятимизда техника хавфсизлигига риоя қилиш, бу борада тўғри тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш кун тартибига чиқмоқда.
Бугунги суҳбатимиз жамиятимизнинг Техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси мутахассиси Шокир Ортиқов билан бўлиб ўтди.
Ассалому алейкум Шокир Исламович жамият томонидан техника хавфсизлиги бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?!
Аввалом бор, сув таъминоти ва канализация объектларида ишлаш жараёнида мухтасар қилиб айтганда учта асосий фактни умумлаштириш мумкин. Булар қум босиб қолиши, хавфли газлар билан заҳарланиши ҳамда электр токи уриши оқибатида фожеали ҳолатлар рўй бериши мумкин.
Ҳозирги кунда ушбу ҳолатлар бўйича жамиятнинг барча бўлимларида ишловчи, асосан чилангарлар билан ҳар ҳафталик эслатма тариқасида техника хавфсизлиги бўйича тарғибот-ташвиқот ишлар ўтказилиб туради. Бу борада биз Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳам ҳамкорликда тадбирлар уюштириб турамиз. Техника хавфсизлигига риоя қилинмаган ҳолатлар бўйича эса тегишли чоралар қўлланилиб келинмоқда.
Айтингчи, қайси ҳолатларда техника хавфсизлигига риоя қилинмаган ҳисобланади? Объектларга борганимизда меҳнат хавфсизлигининг оддий қоидаларига ҳам риоя қилинмаётганига кўп гувоҳ бўламиз.
Мисол учун қувурда содир бўлган сув авария ҳолатида маҳсус бош кийм қулқоп, брезент этикда бўлиши. Бу ҳимоя воситасилари иш жараёнида ток уруши хавфи олди олинади. Сув авариясини бартараф этишда электр токи билан ишловчи ҳар қандай анжомларни иложи борича узоқ масофадан ишлатиш керак бўлади. Канализация қувурларини тозалашдан олдин оддий чироқ (лампа)ни олиб текшириш ўтказиш тавсия этилади. Чироқ кислородсиз муҳитда ёнмайди, шу тариқа қувурда газ бор йўқлиги, агар бўлса, уни вентиляция орқали чиқариб, иш жараёнига кириш мумкин. Яна бир муҳм жиҳат канализация люкига тушушдан аввал хавфсизлик камарини боғлаш ҳам эсдан чиқмаслиги даркор, оҳирги чора сифатида, ёнидаги шериги ушбу камардан тортиб, биринчи ёрдам кўрсатиши мумкин.
Ходим техника хавфсизлигига қатъий риоя қилиши учун нима қилиши керак?
Энг аввало қонун-қоидаларга итоаткор бўлиши, қонун-қоидаларни яхши билиши керак. Ўз соғлиғига эътибори кучли бўлиши лозим. Иш берувчи томонидан шакллантирилган талабларга риоя қилса, ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланишни билса, улардан фойдаланиш истаги бўлса, ходимлар аввало ўз хавфсизликларини таъминлаган бўлишади.
Энди меҳнат хавфсизлиги талабларини бузган ҳолатда жамият қандай таъсир чораларини кўра олади?
Яхши савол бердингиз. Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги ЎзР қонунининг 22-23-моддаларида иш берувчи ва ишчиларнинг меҳнат муҳофазасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Унга кўра, ишчи ходим тиббий кўрикдан ўтмаган бўлса, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқимаган ёхуд малакасини оширмаган бўлса, иш берувчи ушбу ходимни иш жойига қўйиши мумкин эмас, тақиқланади. Аммо, иш берувчи барчасини ташкиллаштириб қўйди, лекин ходим бепарво бўлса, иш берувчи ходимни ишдан четлаштира олади, мунтазам давом этса, интизомий чора қўллаши, яъни ҳайфсан эълон қилиши, маошидан 50 фоизгача миқдорда ушлаб қолиши мумкин. Шунда ҳам хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаса, Меҳнат кодексига биноан шартномани бир томонлама бекор қила олади.
PS: Юқорида айтилганларнинг барчасини сарҳисоб қиладиган бўлсак, ҳар бир иш жараёнида техника хавфсизлигига максимал даражада риоя қилишимиз даркорлигини унутмаслигимиз керак.
"Навоий сув таъминоти" МЧЖ ахборот хизмати