“Кун оиласи” (фото)
Рукнимизнинг бугунги қаҳрамонлари Испанияда истиқомат қилаётган Фазиловлар оиласи
Оилабоши Алижон Фазилов 1972 йилда Самарқандда таваллуд топган.
У 1990-1992 йилларда Самарқанд саноат техникумида таҳсил олган.
2007 йилда оиласи билан Испаниянинг Барселона шаҳрига кўчиб борган Алижон Фазилов ҳозирда “AF Reformas” (Reformas Generales Barcelona) корхонаси раҳбари.
Унинг турмуш ўртоғи – Лола Муҳаммадиева 1973 йилда Самарқандда туғилган.
У ҳам 1990-1992 йилларда Самарқанд саноат техникумида таҳсил олган. Ҳозирда уй бекаси.
- Турмуш ўртоғим билан Испанияга кўчиб келганимизга бу йил 15 йил бўлади. Шу йиллар давомида бу мамлакатга мослашиш борасида қийинчиликлар ҳам бўлди. Аммо бир оила бўлиб биз буларни енгиб ўтдик. Ҳозирда 3 та фарзандимиз, 3 та набирамиз бор. Олдин фарзандларимга ўзбек миллий урф-одатларимиз ҳақида гапириб, улғайтирган бўлсам, ҳозир набираларимга асли серқуёш ўлканинг фарзандлари экани ҳақида айтиб бераман. Рисқимиз шу мамлакатда экан, тинмай изланамиз, кундан-кунга янгиликлар қилишга ҳаракат қиламиз. Яқин кунларда Барселонада “Лола” номи билан аёллар гўзаллик салонини очиш тараддудидамиз – дейди, Лола Муҳаммадиева.
Фазиловларнинг тўнғич фарзанди - Амиржон Фазилов 1993 йилда Самарқандда туғилган. У 7 ёшидан бошлаб Муай тай спорт тури билан шуғулланиб келмоқда ҳамда халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритмоқда.
Рукнимиз қаҳрамонларининг иккинчи фарзанди - Дамиржон Фазилов 1998 йилда Самарқандда таваллуд топган. Ҳозирда у Испаниядаги давлат ташкилотида фаолият олиб боради.
Гулмира Фазилова мазкур оиланинг кенжа фарзанди. У 1998 йилда Самарқандда туғилган. Гулмира Фазилова Испанияда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади.