Кун оиласи” (фото)
Рукнимизнинг бугунги қаҳрамонлари Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган Авазовлар оиласи
Ҳозир ўз оиласи билан Жанубий Кореянинг Вонжу шаҳрида яшаётган Шохруҳ Авазов 1989 йил Тошкент шаҳрида туғилган.
2012 йил Ўзбекистон Миллий университетининг Ҳуқуқшунослик факультетини тугатган.
Шохруҳ Авазов Жанубий Кореянинг KDI school Master of Development Policy (MDP)да магистратура, Yonsei университетида “Public Adminstration (Давлат бошқаруви)” йўналишининг докторантурасини тамомлаган.
Бугунги кунда Авазов Тошкентдаги Webster университетининг профессори сифатида масофавий меҳнат фаолиятини юритмоқда.
- Тошкентдаги Webster университетида масофавий иш фаолият олиб боришимнинг асосий сабаби юртимиз билан алоқаларни узвий боғлаб туриш, олисда туриб ҳам таълим соҳасига ўз ҳиссамни қўшишдир. Чунки қаерда бўлсак ҳам ўзбекистонлик эканлигимизни, мамлакатимизнинг ўзига хос ва такрорланмас қадриятлари борлигини унутмаслигимиз зарур деб ҳисоблайман – дейди.
Бундан ташқари, Шохруҳ Авазов кўплаб халқаро ташкилотлар билан тадқиқотчи-консултант сифатида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Унинг турмуш ўртоғи Феруза Авазова 1992 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган.
2014 йил Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган.
2018 – 2019 йиллар Жанубий Кореянинг KDI school of Public Policy and management нинг “Public management” йўналиши магистратура босқичида таҳсил олган.
2021 йил Феруза Авазова Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигининг “Unboxing Korea” лойиҳаси вакили сифатида танлаб олинди ва айни пайтда ушбу лойиҳада ишламоқда.