March 14, 2022

АҚШнинг Миссури университети магистратура босқичида таълим олаётган ватандошимиз Шариф Юсупов билан суҳбат

Келажак учун аниқ йўналиш танлашимга ота-онам сабабчи бўлишган

1994 йилда Бухоро шаҳрида зиёлилар оиласида туғилганман. Отам деярли эллик йил давомида соғлиқни сақлаш тизимида, онажоним давлат телерадиоканалида мухбир сифатида ишлаб келган. Болалигимда расм чизишни ёқтирар эдим. Ота-онамни айтишларига қараганда, болалик чоғимда қўлимга доим ручка ёки қалам олиб дуч келган жойга расм чизган эканман. Ёшлигимда қизиқишларим кўп бўлган. Баъзида рассом баъзида спортчи бўлиб, чемпион бўлишни орзу қилганман. Ота-онам ҳар бир қизиқишларимга эътироз билдирмасдан турли машғулотларга жалб қилишарди. Эсимда, 8 ёшимда дадам спортнинг қўл жанги тури бўйича спорт мактабига олиб борган. Шундан сўнг саккиз йилга яқин ушбу спорт тури билан шуғулланганман ва бир қанча мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлганман. Албатта спорт билан бир вақтда мактабда ҳам аъло баҳоларда ўқиганман. Мактаб чоғларида энг яхши кўрган фаним - математика бўлган. Мен математика фанидан бир неча бор олимпиадаларда қатнашганман. Ҳозир шуни аниқ айта оламан, ота-онанинг фарзанди қизиқишларига бефарқ бўлмасдан, уни қўллаб-қувватлаши фарзандига куч ва ўзи учун тўғри бўлган касб ёки ҳунарни эгаллашига туртки бўлар экан.

Шариф Юсупов шахсий архивидан

Кишилар саломатлиги ўз ҳаловатимдан устун

- Мактабни 2009 йилда аъло баҳоларда битириб, Бухоро вилоятидаги академик лицейига, 2012 йилда Бухоро давлат тиббиёт институтининг стоматология факультетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Менинг талабалик даврим жуда машаққатли ва шу билан бирга мазмунли кечган. Ўша пайтларда ҳам ўқирдим ҳам ишлардим.Кимё ва биология фанларидаги мустаҳкам билимим орқали саккиз йил давомида 500 нафарга яқин олий таълим муассасаларига кириш ниятида бўлган ёшларни ўқишга тайёрладим. Ҳозирда шогирдларим юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олиб келишмоқда. Тиббиёт институтларида ўқиш мустаҳкам билим талаб қилади.Шундай бўлса ҳам дарслардаги доимий билимлар менга етарли эмас эди. Институтимиздаги олимлардан қўшимча кўникмалар олишга интилар эдим. Шу боис, таълим билан бир қаторда кўплаб халқаро анжуманларда мақола ва тезисларим билан мунтазам иштирок этар эдим.

Институтни аъло баҳоларга тамомлаб, Бухоро давлат тиббиёт институтининг хирургик стоматология бўлимида клиник ординатор сифатида қабул қилиндим ва 2019-йилда таълимни ушбу босқичини ҳам муваффақиятли тамомладим. 2021-йил май ойида раҳматли отамнинг меҳнатлари, онамнинг дуолари меваси билан “Эл-юрт умиди жамғармаси” томонидан ўтказилган танловда ғолиб деб топилдим ва ҳозирда АҚШнинг Миссури университетида cоғлиқни сақлаш сиёсати ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишида магистратура босқичида таълим олиб келмоқдаман. Менинг тиббиёт соҳасига бўлган қизиқишимга оиламдаги муҳит сабаб бўлган. Тиббиёт соҳасида ишлайдиган кишилар доимо инсонларнинг дардига малҳам бўлиши, уларга ҳар қандай вазиятда ёрдам бериши зарур. Ҳаётда яшашдан мақсадимиз ҳам бир-биримизга яхшилик қилиш эмасми? Мен шунинг учун ҳам ушбу шарафли касбни танладим. Ҳар қандай вазиятда кишилар саломатлиги мен учун ўз ҳаловатимдан устун!

Шариф Юсупов шахсий архивидан
Шариф Юсупов шахсий архивидан

Биз хорижий мамлакатларда миллатимизнинг шаънини елкамизда кўтариб юрганимизни унутмаслигимиз зарур

- Тўғрисини айтсам, хорижда яшашнинг ўз машаққати бор. Ўзгача муҳит, ўзгача қадриятлар ва анъаналарга кўникишингизга тўғри келади. Аввалига бироз қийин бўлди аммо бу вақтинча эди. Лекин оилам ва ватанимга бўлган соғинч ҳеч қачон тарк этмас экан. Ўзимизнинг миллий таомларни жуда соғинаман. Мусофирлик менга нафақат мослашишни балки мустақил таом тайёрлай олишни ҳам ўргатди. Ҳозир барча уй-юмушларини ўзим қиляпман. Хорижда истиқомат қилишни масъулияти ҳам бор. Доимо тартибли ва кишиларга хушфеъллик билан муомала қилишингиз керак. Чунки миллатингизга хорижликлар сизга қараб баҳо беришади. Тенгдошларимга ҳам шуни унутмаслигини илтимос қилар эдим. Дунёнинг қайси нуқтасида бўлмайлик, ким эканлигимизни, кимнинг авлодлари бўлганимизни унутмаслигимиз ва бошқа халқлар олдида миллатимизнинг обрў-эътиборини ҳамиша сақлашимиз шарт.

Шариф Юсупов шахсий архивидан

Юртимга фойдам тегиши учун бор кучимни бағишлашга тайёрман

- Келажакдаги режаларим бисёр. Энг аввало юртимнинг соғлиқни сақлаш тизимига фойдаси тегадиган етук мутахассис бўлиб, ватанимга қайтиш. Америкада таълим тизими бироз бошқача. Университетда талабалар учун барча шароитлар яратиб берилган. Ўзбекистонлик ҳамма ёшлар ҳам мен каби ўқиш имкониятига эга эмас. Ўйлайманки, ана шундай ёшларга мен бу ерда оладиган билимларимни улашишим, келажакда юртим равнақи учун хизмат қиладиган ғоялар устида ишлашим ватаним олдидаги чинакам фарзандлик бурчимдир. Отам ким бўлишимдан қатъий назар юртга фойдам тегишини, керакли инсон бўлишимни орзу қилган. Мен уларнинг истакларини амалга оширишга бор кучимни бағишлашга тайёрман!