“Кун оиласи” (фото)
Бугун рукнимиз орқали Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган Абдуғафуровлар оиласи ҳақида ҳикоя қиламиз
Раҳимжон Абдуғафуров 1976 йилда Наманганда таваллуд топган.
1993-1998 йилларда Наманган давлат университетининг шарқшунослик йўналишида таҳсил олган.
1996-1997 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлиги стипендияси билан Мисрдаги Қоҳира университетининг Араб тили ва адабиёти йўналишида ўқиган.
2002-2004-йилларда АҚШнинг Вардербилт университетида таълимнинг магистратура босқичида ўқишни давом эттирган. Шундан сўнг юртимизда кўп йиллар давомида таълим соҳасида фаолият олиб борган Раҳимжон Абдуғафуров 2011-2013 йилларда Ваёминг университетида Халқаро алоқалар бўйича иккинчи магистратурада таълим олади ва ушбу университетда араб тилидан дарс бера бошлади.
Раҳимжон Абдуғафуров 2020 йилда дунёнинг нуфузли таълим муассасаларидан бири АҚШдаги Эмори университетида докторлик унвонига сазовор бўлган.
Унинг турмуш ўртоғи Донохон Абдуғафурова ҳам Наманган вилоятида таваллуд топган.
У 1998-2002 йилларда Наманган давлат университети ўзбек филологияси факультетини имтиёзли тугаллаб, Президент стипендияси совриндори сифатида магистратурага ўқишга қабул қилинган. Кейинчалик турмуш ўртоғининг чет давлатда фаолиятини бошлагани сабабли магистратурани Ваёминг университетида давом эттирган.
Жорий йилда у Эмори университетида Ислом цивилизацияларини ўрганиш йўналиши бўйича фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олди.
Ҳозирда Донохон Абдуғафурова Шимолий Каролина штатидаги Wake Forest университетининг Масофавий таълим бўлимида фаолият юритмоқда.