Рукнимизнинг бугунги қаҳрамонлари Тожикистоннинг Суғд вилоятида истиқомат қилаётган Зокировлар оиласи
Тожикистон Республикасидаги Ўзбеклар маркази фаоли, ватандошимиз Ҳакимжон Зокиров, 1951 йил 17 августда Тожикистоннинг Хўжанд вилояти (ҳозир Суғд вилояти)да таваллуд топган.
1973 йилда Ленинобод педагогика институтининг тарих-филология факультетини тамомлаган. Тарихий илдизи Ўзбекистон билан боғланган ватандошимиз 37 йил ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, мактаб директори, 15 йил давомида эса Суғд вилояти газетасида фаолият олиб борган.
Ҳозирда у Тожикистонда ягона бўлган “Шарқнома” журналининг бош муҳаррири сифатида меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.
Бадиий ижод билан ҳамиша ҳамнафас бўлган Ҳакимжон Зокиров бугунга қадар кўплаб ютуқларга эришган. Хусусан, у журналистлар уюшмалари Халқаро конфедерацияси, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи адабиёт фонди ҳамда Халқаро Турон ёзувчилар уюшмалари аъзосидир.
Ҳакимжон Зокиров Тожикистон Республикаси Халқ маорифи ва маданияти аълочиси ва бундан ташқари, Мафтун Жўра адабий мукофоти совриндори ҳамдир. Унинг муаллифлигида 13 та китоб нашр этилган.
2021 йил сентябрь ойида ижодкорнинг Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси китоби Тошкентда 1000 нусхада нашр этилди.
Унинг турмуш ўртоғи Зебинисо Абдусатторова 1956 йил 13 сентябрда таваллуд топган. У Хўжанд педагогика институтининг тарих-филология факультетининг сиртқи бўлимини тамомлаган. Ҳозирда тадбиркор.
Зокировлар оиласининг 3 нафар фарзанди бор.
Мазкур оила Тожикистонда ҳар йили ўтказиладиган “Намунали оила” кўрик-танлови ғолибидир.