Алишер Навоий сиймоси – мангу барҳаёт
Буюк сўз санъаткорлари тарихнинг туб бурилиш нуқталарида, миллатни бирлаштирувчи, руҳан юксалтирувчи бадиий сўзга кучли эҳтиёж туғилган пайтда дунёга келади.
Алишер Навоий худди ана шу даврда яшади.
У ғазал мулкининг султони, буюк мутафаккир сифатида эътироф этилади.
Асрлар давомида унинг асарлари тақлид ва илҳом манбаи бўлиб келмоқда.
Мутафаккир таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Алишер Навоий сиймоси – мангу барҳаёт” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда фан арбоблари, навоийшунос олимлар, Ўзбекистоннинг Италия, Испания-Португалия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Германия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия Федерациясидаги дипломатик ваколатхона вакиллари, ватандошлар ҳамда уларнинг жамоат бирлашмалари аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир аввалида “Ватандошлар” жамоат фонди Бошқарув раиси О.Сатторов сўзга чиқиб, Навоийдек Ғарбда чиғатой адабиёти ҳисобланмиш ўзбек адабиётининг энг йирик намоёндаcи, бутун туркий халқлари орасида у каби йирик шахс йўқ эканлиги, Ҳазрат Навоий нафақат ижодда балки жамиятда ҳам фаол шахс сифатида эътироф этиши, шунинг учун унинг асарларида жамоат руҳи, даврга хос муҳим муаммолар устун эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси маслаҳатчиси З.Ахмедов сўз олиб, Навоий мероси мавзу ва жанрлари бўйича турли эканлиги, унинг асарлари ХV асрдан ҳозирги кунгача ўзбек адабиёти ривожи учун хизмат қилиб келаётганлиги тўғрисида маъруза қилди.
Мулоқот давомида олимлар ва хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг Навоийни эътироф этувчи маърузалари ва ҳурматини ифодаловчи фикрлари тингланди.