Дунёнинг турли мамлакатларидаги нуфузли олий таълим муассасаларида Ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олади. Бугун Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида таҳсил олаётган фаол ватандошимиз Сарвар Мамажонов ҳақида ҳикоя қиламиз
Мақсадларимни ҳамиша аниқ белгилайман
- 1998 йилда Фарғона вилоятида таваллуд топганман.Болалигимдан мактабда ҳамиша яхши баҳоларга ўқишга ҳаракат қилардим. Китоб мутолаа қилиш, давлатларнинг пойтахти билан номларини ёд олиш энг севимли машғулотларим эди. Дунё кезиш орзуим бўлган. Ҳаёлан турли мамлакатларга саёҳат қилар эдим. Устозларим доимо: - Келажакда ўзингни керакли шахс сифатида кўришни хоҳласанг мақсадингни аниқ белгилашинг ва тинмасдан уни амалга ошириш учун меҳнат қилишинг керак – дея, таъкидлашарди. Ўрганганларим, эгаллаган мустаҳкам билимларим билан 2017 йилда Россия Федерациясидаги Қозон федерал университети Халқаро алоқалар йўналишининг бакалавр босқичига ўқишга кирдим. Ҳозирда Санкт-Петербург давлат университетининг Халқаро алоқалар факультети 1 босқич магистрантиман.
Ўзбекистонлик ёшлар хорижликлар эътирофида бўлган
- Бакалаврда ўқишни бошлаганимда ҳамма каби менда ҳам қийинчиликлар бўлган. Янги мамлакатга мослашиш, турли миллатли инсонлар орасида мулоқот қилишда бироз қийналганман. Бундан ташқари, университетимда чет эллик талабалар учун стипендия ажратилмас эди. Лекин хусусий компаниялар томонидан талабалар учун жорий қилинган грантларни ютиб олиш имконияти бўлган. Бу каби танловлар ғолиблари орасида Ўзбекистонлик иқтидорли талабалар кўпчиликни ташкил этарди. Мен ҳам 3 йил мобайнида ана шундай стипендия соҳиби бўлганман. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган тенгдош дўстларим ўзбек ёшлари билимли ва меҳнаткашлигидан ҳайратланишарди.
Миллий байрамларимизни ҳамжиҳатликда ташкил этамиз
- Дам олиш кунларида Италия, Болгария, Колумбия, Хитой, Япония ва бошқа давлатлардан келган ёшлар билан кўришиб турамиз. Бундай учрашувларда барчамиз ўз мамлакатларимиз ҳақида гапириб берамиз. Дўстларим кўпроқ Ўзбекистон ҳақида қизиқишади, тарихий шаҳарларимиз Самарқанд, Бухоро, Хоразм ҳақида билишларини айтишади. Ўзбекистонлик талабалар билан “Мустақиллик”, “Наврўз” умумхалқ байрами ва бошқа байрамларимизни тез-тез ташкил этиб, миллий таомларимизни тайёрлаймиз, хорижлик дўстлармизни ҳам таклиф этамиз. Улар миллий таомларимизни жуда ҳам яхши кўришади. Хаттоки, миллий байрамларимизнинг саналарини ҳам билишади. Ватанимиздан вақтинча йироқда бўлсак ҳам, ватандошлар ўзаро юртимиздаги муҳим саналарни биргаликда ўтказиб, ўзимизни юртимиздагидек ҳис этамиз.
Бугунги кундаги асосий мақсадим, таълимни ушбу босқичини мувафаққиятли тамомлаб, ватанимга қайтиш ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан дипломатик, дўстона ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшиш.