January 21, 2022

“Кун оиласи” (фото)

Рукнимизнинг бугунги қаҳрамонлари Германияда истиқомат қилаётган Тожибоевлар оиласи

Тожибоевлар оиласи архивидан

Дониёр Тожибоев 1986 йилда Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида таваллуд топган.

2005-2007 йилларда Наманган давлат университетининг Жаҳон тиллари факультетида ўқиган. Шунингдек, у Германиянинг Мюнхен шаҳридаги амалий фанларга ихтисослаштирилган университети (Hochschule München) нинг Бизнес-информатика йўналишида таҳсил олган.

Тожибоевлар оиласи архивидан

Ҳозирда Дониёр Тожибоев Германиянинг Бавария соғлиқни сақлаш тизими IТ-бўлимининг маълумотлар базаси (рақамлаштириш) администратори сифатида фаолият олиб бормоқда.

Тожибоевлар оиласи архивидан
Тожибоевлар оиласи архивидан

- Бизнинг болалик ва ўсмирлик давримиз ватанимизда ўтган, табиийки, бу ердаги тарбия услубларидан хабаримиз бўлмаган. Фарзандларимиз катта бўлган сари, секин-аста икки жамият ўртасидаги тафовутларни ҳам кўряпмиз. Икки ҳалқлар ўртасидаги маданият ва тарбиявий методлар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Фарзанд тарбиясида икки жамият ўртасидаги мувозанатни сақлашга ҳаракат қиламиз. Ҳар иккимиз ҳам ишлаганимиз учун фарзандларимиз кун давомида мактаб ва болалар боғчасида немис маданияти, немис тили муҳитида бўлади. Агар болаларга кичиклигидан бошлаб, кимлигини, аждодлари ким бўлганлигини, қайси маданиятга мансублигини ўз маданияти доирасида кўп тушунтирилса, улар 4-5 ёшдан кейин кўпроқ шу анъаналарга эътибор берар, улғайишгани сари тушуниб борар экан. Албатта яшаб турган жойимизнинг маданияти ва тили ҳам ўргатилиши керак деб ўйлаймиз. Шунда болалар бағрикенгликни ўрганиб боришади ва бошқа халқларга ҳурмат билан қарашади.Умуман олганда бошқа жамиятда ўсиб катта бўлган инсон, ўз фарзандларини яна бошқа бир жамиятда яшаб иккала томонга ҳам мос келадиган тарбия бериши осон эмас. Биз икки жамиятнинг ҳам ўзимиз учун афзал деб билган ҳислатларини олишга ва буни фарзанд тарбиясида қўллашга ҳаракат қиляпмиз – дейди, Тожибоевлар.

Тожибоевлар оиласи архивидан

Дониёр Тожибоевнинг турмуш ўртоғи Нигора Охунова 1986 йилда Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида туғилган.

2004 – 2007 йилларда Фарғона давлат университетининг Жаҳон тиллари факультетида таҳсил олган.

Тожибоевлар оиласи архивидан

Шунингдек, у Мюнхен шаҳридаги Ludwig-Maximilian университетининг стоматология факультетини тамомлаган. Таҳсилдан сўнг Нигора Охунова болалар ва ўсмирларга ихтисослашган хусусий клиникада стоматолог-шифокор бўлиб ишламоқда.

Тожибоевлар оиласи архивидан
Тожибоевлар оиласи архивидан

Тожибоевларнинг 2 нафар фарзанди бор.