“Кун оиласи”
Бугун рукнимиз орқали Туркияда истиқомат қилаётган Акбар Ясса оиласи ҳақида маълумот берамиз
Ота-боболари, тарихий илдизи Ўзбекистон билан боғланган Акбар Ясса 1951 йилда Афғонистоннинг Қобул шаҳрида таваллуд топган.
1952 йилда ёш Акбар Ясса оиласи билан Туркиянинг Адана шаҳрига кўчиб боришган.
Қаҳрамонимизнинг ёшлиги Адана шаҳрида ўтган, у “Adana Erkek Anadolu Lisesi” ўрта мактабини битириб, Истанбул шаҳридаги IDMM университетининг электроник муҳандислик факультетида таҳсил олган.
- “Туркия давлатига кўчиб келганимизда икки ёшга ҳам тўлмаган эдим. Турк миллатининг урф-одатлари, тилида ўхшашликлар жуда ҳам кўп. Шунинг учун ҳам қардошларимиз бизга ҳар жойда кўмаклашишарди. Ёшлигимиздан тилимиз ўзбек тилида чиққан. Ота-онамиз бизга мунтазам ўзбекча гапиришар эди. Шунинг учун биз ўзбек тилида сўзлаша оламиз, урф-одатларимизни яхши биламиз, ўзбекона турмуш кечирамиз. Биз ҳам ўзбек тили, маданияти ва урф-одатларини эсимиздан чиқармасдан ўз фарзандларимизга қўлимиздан келганича ўргатиб келяпмиз. Чунки бу аждодларимиздан бизга васият сифатида қолган муқаддас бурчимиздир” – дейди, Акбар Ясса.
Ҳозирда Акбар Ясса 1928 йилда Истанбул шаҳрида очилган “Туркистонликлар маданияти ва кўмак кўрсатиш” жамоат бирлашмаси раисидир. Унинг фаоллигидаги мазкур бирлашма Туркиянинг Адана шаҳри ва АҚШнинг Нью-Жерси штатларида миллатимизга хос турли маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, ўзбек тилини ўргатиш каби фаолиятларни олиб боради.
Акбар Ясса 2021 йилда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Унинг турмуш ўртоғи Зеррин Таж 1955 йилда таваллуд топган. У Истанбул университетида педагог сифатида фаолият олиб боради.