“Кун оиласи” (фото)
Бугун рукнимизнинг навбатдаги сони орқали Германияда истиқомат қилаётган Холиқбоев (Халикбаев) лар оиласи ҳақида танишинг
Отабек Холиқбоев 1982 йилда таваллуд топган.
У 1999 – 2003 йилларда Тошкент Давлат юридик институтининг бакалавр, 2005-2007 йилларда Германиядаги Констанц университетининг ҳуқушунослик йўналиши магистратура босқичида таҳсил олган.
Отабек Холиқбоев кўп йиллар давомида Германиядаги - EY ва Deloitte корхоналарида Tax and Legal бўлимларида, “M&A Transaction Tax” ҳамда “Financial Services Tax” соҳаларида консультанти сифатида фаолият олиб борган.
Ҳозирда солиқ консултанти (Freelancer) сифатида ишлаб келмоқда.
- Германияда ҳаёт ҳамиша қайноқ. Фарзандларимиз шу ерда улғайишмоқда, шу билан бирга биз ҳам янги вазифалар билан тўқнашмоқдамиз. Ҳаёт тарзи умумий олганда ўхшаш бўлса ҳам, ўзгача фарқликлар мавжуд. Болалар кунини эрталабдан тушликкача мактабда ўтказишса, куннинг иккинчи қисмида бошқа тўгараклар ва қўшимча машғулотлар билан банд бўлишади. Шу сабабли кунининг катта қисми олмонча ёки инглизча суҳбатлашиш билан ўтади. Биз эса уларга ўзбек тилини ўргатишга имкон қадар ҳаракат қиляпмиз. 2019 йил 8 декабрда Франкфуртнинг Майн шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консуллиги ва асосан шу ерда истиқомат қилувчи ўзбеклар тузган “Ҳумо” олмон-ўзбек маданий жамияти томонидан ўзбек тили мактаби очилган. Болаларимиз ушбу мактабда ҳар ҳафта оҳирида 2 соат мобайнида ўзбек тилини ўрганишади. Фарзандларимиз мазкур дарсларга мунтазам боришади ва муаллимларининг ўзига хос тил ўргатиш услублари орқали она тилимизга қизиқиши ва муҳаббати ортмоқда. Бундан биз жуда қувонамиз.
Шунингдек, соғлом танда - соғ ақл деганларидек, улар учун керак бўлган уйқу ва таомланишга ҳам катта эътибор қаратамиз. Улар Олмонияда мавжуд тизимга хос равишда эрта ухлашга ва эрта тонгда уйғонишга одатланишган. Мактабга кетишларидан олдин ва кечқурун бир дастурхон атрофида тамадди қилишга ҳаракат қиламиз. Ўйлайманки, миллий қадриятларимиз мана шу кичик ҳаракатларимизда намоён бўлади. Бундан ташқари, “Ҳумо” олмон-ўзбек маданий марказимиз томонидан миллий байрамларимиз мунтазам ўтказилиб борилади. Фарзандларимиз бу байрамларда бошқа ўзбек дўстларимизнинг фарзандлари билан мулоқот қилишади, биз катталар миллий таомларимизни тайёрлаймиз. Айнан мана шу тадбирлар орқали Ўзбекистондаги муҳитни яратишга ҳаракат қиламиз – дейди, тўлқинланиб Отабек Холиқбоев.
Отабек Холиқбоевнинг турмуш ўртоғи Гулмира Пўлатхўжаева 1984 йилда Тошкентда таваллуд топган. У мактаб чоғидан Олмонияда истиқомат қилаётган бўлишига қарамай, ўзбек тилида мукаммал сўзлашади.
Гулмира Пўлатхўжаева Берлиндаги Шаритэ университетининг тиббиёт соҳасида таҳсил олган. Ҳозирда неврология ва психиатрия йўналишлари шифокори сифатида фаолият юритмоқда.