March 20, 2022

Германия ва Швецияда ватандошлар иштирокида “Наврўз” умумхалқ байрамини нишонлаш доирасида тадбирлар ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Берлиндаги Элчихонаси ва “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамкорлигида Германия ва Швецияда ватандошлар иштирокида “Наврўз” умумхалқ байрамини нишонлаш доирасида тадбирлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 19 март куни Германиянинг Кёльн шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида “Наврўз” умумхалқ байрами кенг нишонланди.

Унда миллий қадриятлар, анъаналар, урф-одатлар тарғиб этилиб, ватандошлар учун ўзбек миллий таомлари “Палов” ҳамда “Сумалак” тайёрланди.

Тадбирда Кёльн шаҳрида истиқомат қилувчи ватандошлар, уларнинг оила аъзолари ва фарзандлари, вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ватандошлар ҳамда турли компанияларда фаолият юритаётган 150 нафар ватандошлар иштирок этишди.

“Ватандошлар” жамоат фонди томонидан Кёльн шаҳрида истиқомат қилувчи ватандошлар билан биргаликда учрашувлар ташкил этилиб, мулоқотлар олиб борилди ва ушбу мулоқотларда ватандошлар билан ҳамкорликда ишлаш, улар билан турли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш масалалари борасида келишиб олинди.

Шунингдек, Германияга ташриф давомида Кёльн шаҳрида ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари мавжуд бўлмаганлиги боис, Кёльнда истиқомат қилувчи фаол аёл ватандош Ш.Ҳалилова бошчилигида ташкил этилган “Шарқона” ўзбек жамоат бирлашмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шундан сўнг, “Ватандошлар” жамоат фонди ва “Шарқона” ўзбек жамоат бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди ҳамда ушбу Меморандум доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар юзасидан йўл-харитаси ишлаб чиқилди.

Жумладан, ватандошларни қийнаб келаётган муаммолари, саволлари, таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини умумлаштириш, улар иштирокида турли маданий-маърифий тадбирларни ҳамкорликда ташкил этиш каби масалалар хусусида келишиб олинди.

Шу билан бирга, “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан Кёльнда истиқомат қилувчи ёш ватандошлар учун зарур бўлган адабиётлар “Шарқона” ўзбек жамоат бирлашмасига тақдим этилди.

Германияда бу каби тадбирлар давом этмоқда, бизни кузатишда давом этинг.