February 21, 2022

Рукнимизнинг бугунги сони орқали Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида истиқомат қилаётган фаол ватандошимиз Гулбаҳор Джалилова оиласи билан танишинг

Гулбаҳор Джалилова Анарбаевна 1981 йилда Жанубий Қозоғистон вилояти Қарноқ қишлоғида таваллуд топган.

Мустақилликдан сўнг оиласи билан Тошкент шаҳрига кўчиб келган Гулбаҳор Джалилова 2003-2007 йилларда Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг бакалавр босқичида таҳсил олган.

Джалилова оиласи архивидан

У 2008-2009 йилларда Нидерландиянинг Вагенинген университетида (WUR) “Атроф-муҳит муҳофазаси (геоахборот тизимлари)” мутахассислигида магистратурани ўқиган.

2003 – 2015 йиллар давомида ТИМИнинг ЭкоГИС марказида ҳамда Ўзбекистон ва Нидерландияда TEMPUS DESPES, TEMPUS EWASIA, TEMPUS TEAM, CASIA каби турли халқаро лойиҳаларда фаолият олиб борган.

Джалилова оиласи архивидан

Ҳозирда “Women for Women” лойиҳасида ишлаётган Гулбаҳор Джалилова 20 дан ортиқ илмий мақола ва “Географик ахборот тизимлари асослари” номли ўқув-қўлланма муаллифи ҳамдир.

Гулбаҳор Джалилова 2016 йилда Нидерландия фуқароси Наджиб Баят билан турмуш қурган.

Унинг турмуш ўртоғи Наджиб Баят 1969 йилда Афғонистоннинг Қобул шаҳрида таваллуд топган. У Нидерландиянинг Эйндховен шаҳри полициясида ишлайди.

Джалилова оиласи архивидан
Джалилова оиласи архивидан

-   Бошқа миллат вакили билан турмуш қурганман. Урф-одатларимиз турли бўлса-да, турмуш ўртоғим менинг қадриятларимни хурмат қилади. Ватанимни севаман, ҳамиша унга талпинаман. Бизнинг Амир исмли ўғлимиз бор. У Тошкентда туғилган. Ҳали ёш бўлишига қарамай, ўзбек, рус, инглиз ва нидерландия тилларида суҳбатлаша олади. Миллий либослармизни кийишни яхши кўради.

Оиламиз билан Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчихонаси томонидан ташкил этиладиган тадбирларда мунтазам фаол қатнашиб келамиз.

Мен иштирок этадиган лойиҳаларим кўпроқ Ўзбекистон билан боғлиқ. Хорижда туриб ҳам Янги Ўзбекистоннинг ривожига ҳиссамни қўшишга ва тажрибаларимни бўлишишга доимо тайёрман – дейди, Гулбаҳор Джалилова.

Джалилова оиласи архивидан