November 3, 2022

Тиббиёт ходимлари ҳам “боди камера” билан таъминланиши лозим

Шифокорларга кўпинча, “оқ халатли фаришталар”, “ҳаётимиз посбонлари”, “оқ халатли нажоткорлар, халоскорлар” дея таъриф берамиз. Тўғри-да, бирор жойимиз безовта қилса, дарров шифокор ҳузурига чопамиз ёки “Тез ёрдам” чақирамиз ва улардан нажот кутамиз. Жонимиз оғриганда, улар халоскоримиз бўлиб, жонимизга оро киради. Эрта тонгми, кеч тунми, кун ярмими, вақтнинг аҳамияти йўқ – улар доим ёрдамга шай. Чунки уларнинг ҳар бири ўз касбига содиқлиги йўлида қасамёд қилган.

Аммо сўнгги пайтларда шифокорлардан, “Тез ёрдам” вакилларидан норози бўлиш, уларни ҳурматсиз қилиш, ҳатто дўппослаш, тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жирканч ҳолатлар ҳақида тез-тез эшитиб, ўқиб қоляпмиз. Афсуски, бу каби ҳолатлар кўпайса, кўпаймоқдаки, камаяётгани йўқ. Гўёки одатга, оддий ҳолга айланиб бораётганга ўхшайди.

Бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида “Тиббиёт ходимининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Айни пайтда мазкур лойиҳа парламент қуйи палатасида муҳокамалардан ўтказилмоқда. Унга кўра, тиббиёт ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари маъмурий жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган. Хусусан, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини белгилаш таклиф қилинмоқда.

Бу борада ўзи ҳам тиббиёт вакили бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимованинг фикрлари билан қизиқдик:

– Яқинининг саломатлигидан хавотирга тушган инсонлар шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига нажот кўзи билан қарайди. Баъзида кеч мурожаат қилгани боис бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмайди. Зеро, баъзида тиббий хизмат ходимлари ҳам ожиздир. Стресс ҳолатида бўлган ва кўп ҳолатларда спиртли ичимлик таъсиридаги бемор яқинлари ўзини идора қила олмай қолади. Оқибатда тиббиёт ходимларига тажовуз қилади.

Афсуски, бу ҳолатлар жамиятимизнинг иллатларидан бирига айланиб боряпти. Жамиятимизда кўпайиб кетаётган бундай ҳолатнинг олдини олишдаги энг асосий ва самарали йўллардан бири ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш, уларни безорилик сифатида квалификация қилиш зарур, деб ўйлайман. Башарти, шахс айни вақтда жамоат тартибини бузаётгани ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганини ҳам яққол англаган бўлса, қилмиш безорилик сифатида квалификация қилиниши лозим.

Шу мақсадда Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи нормасига жиноятнинг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир қилганини назарда тутувчи қўшимча банд киритиш керак, деб ўйлайман. Ушбу бандда назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топилганлар уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлади. Ўз ўрнида бу катта профилактик таъсир кучини кўрсатади.

Шу билан бирга, кўчада “тез тиббий” ёрдам автоуловига йўл бермаслик ҳолатларига нисбатан ҳам жарималар ҳажмини кўпайтириш керак. Хусусан, “тиббиёт ходими”, “тиббий ёрдам” каби тушунчаларга таъриф берилиб, тиббиёт ходимлари фаолиятига аралашганлик қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланиши зарур.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббиёт ходими фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, яъни тиббиёт ходими тиббий ёрдам ёки тиббий хизмат кўрсатишига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи меъёр билан тўлдирилиши ҳам турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Назаримда, тиббиёт ходимлари ҳам “боди камера” билан таъминланиши лозим. Масалан, ички ишлар органлари ходимларида ана шундай мосламалар мавжуд. Айни пайтда 3 минг нафарга яқин тиббиёт ходими мавжуд деб ҳисобласак, ушбу масалани ҳал қилиш катта маблағ талаб қилмаса керак. Аксинча, бу орқали фуқароларнинг ҳам, тиббиёт ходимининг ҳам масъулияти ошади, зўравонликларга барҳам берилади, деб ўйлайман.

Айни пайтда Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси юзасидан бир гуруҳ депутатлар хизмат вазифасини бажараётган тиббиёт ходимига қўл кўтарганлик учун жиддий жавобгарлик белгиланишини қўллаб-қувватлаётган бўлса, яна бир қисми бошқа фикрларни билдирмоқда. Хусусан, виждонсиз, ишига масъулиятсиз тиббиёт ходимлари ҳам йўқ эмас, афсуски. Ана шундай ходимлар Маъмурий жавобгарликка таклиф этилаётган янги моддадан усталик билан ҳимоя сифатида фойдаланиши мумкин бўлиб қолади. Яъни, бемор, унинг яқинлари бирор масалада маслаҳатлашмоқчи, касбий бурчини яхшироқ бажаришни, масалан, бемордан тез-тез хабар олиб туришни сўрайдиган бўлса, тиббиёт ходими янги моддани рўкач қилиб, фаолиятимга тўсқинлик қилманг, деб қолмайдими, деган савол ва мулоҳазалар ҳам йўқ эмас.

Демак, қуйи палата вакилларининг зиммасида муҳим масъулиятли вазифа турипти – турли фикрлар, қарашлар, қизғин баҳс-мунозара ва тортишувлар асосида ушбу қонун лойиҳасини пухта қилиб, такомилига етказишимиз лозим. Тиббиёт ходимининг ҳам, беморнинг ҳам ҳимояси таъминланиши зарур.

Манба: uza.uz

Врачи Узбекистана" каналига аъзо бўлиб, юртимиз ва жаҳон тиббиёти янгиликларидан баҳраманд бўлинг!

"Врачи Узбекистана" каналига қуйидаги хаволалар орқали аъзо бўлинг:

ТЕЛЕГРАМ | ФЕЙСБУК | ИНСТАГРАМ